Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар бандлиги таъминланиб. экспорт салоҳияти оширилмоқда
12:06 / 2026-03-10

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2025 йил 19 ноябрь куни бўлиб ўтган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ёшларни иш билан таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда доимий даромад манбаига эга қилиш борасида қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

Шу вазифалар доирасида Бухоро вилояти божхона бошқармасига Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи 16 нафар ёш бириктирилиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш ҳамда бандлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бошқарма бошлиғи Б. Муратов томонидан навбатдаги сайёр учрашувлар ташкил этилди. Учрашувлар давомида ёшлар ва уларнинг оила аъзолари билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Ёшларнинг қизиқишлари, касбий интилишлари ҳамда келгусидаги режалари атрофлича ўрганилди. Мулоқотлар орқали ҳар бир ёшнинг имконият ва салоҳиятини инобатга олган ҳолда уларни иш билан таъминлаш ва касб-ҳунарга йўналтириш масалалари муҳокама қилинди.

“Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими самарадорлиги ҳам корхоналарга чиққан ҳолда ўрганилмоқда. Хусусан, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Б. Муратов томонидан “G‘ijduvon Mashhurasi” МЧЖда сайёр ўрганиш ўтказилиб, корхонанинг ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш салоҳияти атрофлича таҳлил қилинди.

Мазкур корхона ПВХ мармар панеллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда ўз маҳсулотларини халқаро бозорларга етказиб бермоқда. Айни пайтда корхонада кунига ўртача 250-270 дона панел ишлаб чиқарилмоқда. Тайёр маҳсулотлар Озарбайжон, Қирғизистон, Россия ва Франция давлатларига экспорт қилинмоқда. Яқин кунларда эса Беларусь билан ҳам янги экспорт шартномалари имзоланди.

Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён корхона томонидан божхона режими асосида 371 минг АҚШ доллари қийматидаги 484 тонна хомашё импорт қилинган. Бу хомашёлар асосида қайта ишланган 23 тонна тайёр маҳсулот эса 17 минг АҚШ доллари миқдорида экспортга йўналтирилган.

Сайёр ўрганиш жараёнида корхона фаолияти билан яқиндан танишилиб, ишлаб чиқариш жараёнлари кўздан кечирилди. Шунингдек, божхона қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартириш ва янгиликлар корхона вакилларига батафсил тушунтирилиб, уларнинг бу борадаги саволларига атрофлича жавоблар берилди.

Зариф Комилов,

ЎзА мухбири