Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар бандлиги — келажакка қўйилган сармоя
17:50 / 2026-01-20

Президентимиз ҳар бир учрашувда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва муносиб ҳаёт йўлини топиб бериш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифа эканини алоҳида таъкидлаб келмоқда. Зеро, ёшлар тақдирига бефарқлик — келажакка бефарқликдир.

Шу эзгу ғоялар замирида Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги “Пешағор” ва “Қўштол” маҳалла фуқаролар йиғинларида ишсиз ёшлар билан навбатдаги учрашув ташкил этилди. Учрашув Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Муродбек Раҳмонбердиев ҳамда Зомин туман Ёшлар ишлари бўлими бошлиғи Бегзод Шукуров раҳбарлигида ўтказилди.

Мулоқот марказида битта асосий масала — ёшлар бандлиги бўлди. Учрашув давомида ёшларни иш билан таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларга йўналтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Ёшлар учун касб — бу фақат иш эмас, балки ўз ўрнини топиш, келажакка ишонч билан қараш демакдир.

Таъкидланганидек, бугун ёшлар бандлиги шунчаки рақам ёки статистика эмас. У — жамият барқарорлиги, оилалар фаровонлиги ва мамлакат тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир. Шу боис ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, доимий даромад манбаларига йўналтириш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифалари сифатида қаралмоқда.

Жиззах вилояти бўйича айни пайтда 5031 нафар ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бўш иш ўринларига йўналтириш, касбий тайёрлов ва қайта тайёрлаш дастурлари босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этиляпти. Бу эса ҳар бир ёш билан алоҳида ишлаш, унинг қобилияти ва қизиқишини инобатга олишга қаратилган ёндашув самарасидир.

Учрашув очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтиб, ёшларни қийнаётган муаммолар тингланди. Билдирилган таклиф ва ташаббуслар асосида уларни ҳал этиш юзасидан аниқ тавсиялар берилди. Энг муҳими, ёшлар ўзларига нисбатан бефарқликни эмас, улар давлат ва жамият эътиборида эканини яна бир бора ҳис этишди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА