ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилоятида ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган манзилли ишлар изчил олиб борилмоқда.
Жумладан, маҳаллаларда ёшлар етакчилари томонидан 14–30 ёшдаги жами 342 минг нафар йигит-қизнинг муаммолари, қизиқишлари ва бандлик ҳолати хонадонбай ўрганилиб, ҳар бир ёш билан индивидуал суҳбатлашилди. Минглаб ёшларга ижтимоий ва моддий кўмак кўрсатилди.
—Мақсадимиз ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларни фаол ҳаётга жалб қилишдир, - дейди Жиззах вилоят Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Муродбек Раҳмонбердиев. — Хусусан, банд бўлмаган ёшларни доимий иш ўринларига жойлаштириш, тадбиркорликка йўналтириш, имтиёзли кредитлар, ер майдонлари ҳамда асбоб-ускуналар ажратиш орқали ўзини ўзи банд қилиши учун шароит яратишга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Битирувчи ёшлар учун ишлаб чиқилган “Бандлик” дастури доирасида ўтган йили меҳнат бозорига кириб келган 29 минг 814 нафар йигит-қизнинг 80,5 фоизи бандлиги таъминланди. Бу кўрсаткич дастурнинг самарали амалга оширилганидан далолат беради.
[gallery-27400]
Бундан ташқари, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган йилда ёшлар лойиҳалари учун 73,4 миллиард сўм миқдорида банк кредитлари ажратилиб, натижада 850 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА