Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар амалиётда тажриба орттирмоқда
10:27 / 2025-06-16

Гулистон давлат университети Ишлаб чиқариш технологиялари факультетининг Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш технологиялари таълим йўналиши талабалари учун 2025 йил ёзида “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида амалий кўникмаларни ошириш ва талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар дастури амалга оширилмоқда.

Шунга биноан, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш технологиялари кафедрасининг ташаббуси билан “Ёш агротехнологлар” тўгараги ташкил этилди. Мазкур тўгарак орқали талабаларнинг касбий фаолиятга бўлган қизиқиши орттирилмоқда, шунингдек, уларда амалий кўникмалар ва илмий изланишга бўлган интилиш ривожланмоқда.

Тўгаракнинг навбатдаги машғулоти “Дон сифатини таҳлил қилиш” мавзусига бағишланди. Унда талабалар дон ва дон маҳсулотларини сақлаш, саралаш ҳамда қайта ишлаш жараёнларида сифатни баҳолаш усулларини амалий жиҳатдан ўрганишди. Таълим жараёнида назарий билимлар амалиёт билан уйғунлаштирилди, мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди.

– Тўгарак фаолияти талабаларни касбга бўлган муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларда мустақил фикрлаш, таҳлил қилиш қобилиятини шакллантириш ва энг муҳими, инновацион ёндашувлар асосида билимларини амалиётда қўллаш кўникмасини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Биз талабаларни меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар этиб тайёрлаш мақсадида уларнинг ҳар бир машғулотини ҳаётий мисоллар асосида ташкил этмоқдамиз, – дейди тўгарак раҳбари, Озиқ-овқат технологиялари кафедраси доценти Дилором Тўрабекова.

Талабалар ушбу машғулотлар орқали нафақат назарий билимларини мустаҳкамлашмоқда, балки уларни лаборатория шароитида синаб кўриш имкониятига ҳам эга бўлмоқдалар. Бундай тадбирлар орқали ўқувчиларда соҳавий билимларга нисбатан қизиқиш ортмоқда, уларнинг билим ва кўникмалари тобора бойиб бормоқда.

Тўгаракнинг асосий мақсади – ёшларни ўз касбига муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, инновацион фикрлашга ундаш ва уларни келажакда меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган мутахассислар сифатида шакллантиришдир. Эътиборлиси, ушбу ишлар тизимли равишда, изчил тарзда йўлга қўйилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири