Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёши улуғлар ҳамиша эътиборда
13:27 / 2023-06-10

Қарор ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Кўзи ожизлар жамиятига қарашли “Янгийўл” юрак-асаб касалликлари сиҳатгоҳида “Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмайди” шиори остида маърифий-хайрия тадбири ўтказилди.

Тадбир “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви томонидан ташкил этилди. Тадбир доирасида мазкур сиҳатгоҳда ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан 60 нафар саломатлигини тиклаётганлар ҳолидан хабар олинди.

Тадбирда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, Ўзбекистон Республикаси Кўзи ожизлар жамият раиси Эргаш Нарпулатов ҳамда турли соҳаларда кўп йиллар самарали меҳнат қилган, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор қозониб, айни пайтда кексалик гаштини сураётган янгийўллик меҳнат фахрийлари иштирок этди.

Юртимизда инсон қадр-қимматининг юксалиб бораётгани, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик янги поғонага кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар ойда кўришда нуқсони бор, ногиронлиги бўлган нуронийлардан 60 нафари сиҳатгоҳларда соғломлаштирилиши ташкил этилмоқда.

– Бундай эътибор ва ғамхўрликни биз илгари тасаввур ҳам қилмаганмиз, – деди Кўзи ожизлар жамияти раиси Эргаш Нарпулатов. – Эндиликда мамлакатимизда ҳар бир инсон давлатимизнинг эътиборини ҳис этиб яшамоқда. Жамиятимизнинг ёши улуғ аъзолари ҳам бу эътибордан баҳраманд бўлишмоқда. “Нуроний” жамғармаси томонидан Кўзи ожизлар жамияти фахрийларига 1-2-3-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони тақдим этилаётгани ҳам жамиятимиз аъзоларини мамнун этмоқда.

Сиҳатгоҳда даволанаётган нуронийларга совға саломлар топширилди. Ватан, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи куй-йўшиқлар барчага яхши кайфият улашди.

И.Аввалбоев, ЎзА