Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш хоккейчиларимизнинг Мўғулистондаги ёрқин ғалабаси
11:23 / 2023-03-18

Мўғулистонда хоккей бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган қитъа чемпионати Ўзбекистон терма жамоасининг ёрқин ғалабаси билан ниҳоясига етди.

Бир тур муқаддам Таиланд жамоасини 10:2 ҳисобида мағлуб этган хоккейчиларимиз сўнгги 5-турда Бирлашган Араб Амирликлари хоккейчилари билан куч синашди.

Қитъа чемпионлигини муддатидан аввал ҳал этган ёшларимиз учун ушбу учрашув у қадар аҳамиятли бўлмасада йигитларимиз рақибларига ўйин мобайнида ҳеч қандай имконият қолдирмади. Шиддатли ўтган баҳсда ҳамюртларимиз 8:1 ҳисобида БАА хоккейчиларини доғда қолдирди.

Мусобақалар якунига кўра, Ўзбекистон хоккей жамоаси 15 очко жамғариб, 1-ўринни эгаллаган бўлса, Туркманистон жамоаси 12 очко билан 2-ўринни, мезбон жамоа Мўғулистон хоккейчилари 6 очкога эга бўлган ҳолда кучли учликка якун ясади.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Жасурбек Рустамхонов ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатида рақиблар дарвозасига энг кўп шайба киритган спортчи сифатида тақдирланди. Рустамхонов рақиблар дарвозасига йўллаган шайбалар сони бўйича қитъа чемпионатининг янги рекордини ўрнатди. Учрашувлар мобайнида Жасурбек 14 та голга муаллифлик қилди.

— Ютуқлар ўз-ўзидан қўлга киритилмайди. Ёшлар терма жамоамизнинг ушбу муваффақияти замирида юртимизда хоккей ривожи йўлида тизимли ишлар олиб борилаётгани мужассам. Бундан ташқари, маҳаллий ёшлардан ташкил топган жамоамиз қитъа хоккей жамоалари орасида тенгсизлигини кўрсатиш билан Ўзбекистон ёшлари ҳар қандай спорт турида ўта салоҳиятли эканлигини яна бир карра намоён этди, – дейди Ўзбекистон хоккей федерацияси ижрочи директори Элбек Маҳмудов.

— Мазкур чемпионатнинг яна бир ўзига хос жиҳати, хоккейчиларимиз барча учрашувларда ғалабага эришди. Ҳамюртларимиз баҳслар давомида Туркманистонни (5:0), Эронни(14:1), Мўғулистонни(7:4) доғда қолдиргани ёшларимизнинг ғалабага иштиёқи баланд эканидан далолатдир.

Чемпионат якунида ғолиб ва совриндор жамоаларни тақдирлаш маросими ташкил этилди. Ўзбекистон хоккей жамоаси аъзоларига олтин медаллар, дипломлар тақдим қилинди. Қитъа чемпионатининг махсус кубоги топширилди ҳамда хоккейчиларимизнинг чемпионлиги шарафига Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янгради.

Ватан номини улуғлаган Ўзбекистон хоккей жамоаси аъзолари 19 март куни Тошкентга қайтиб келади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА