Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти кенгаши томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида хизмат қилаётган ёш ходимлар ўртасида навбатдаги “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Мазкур тадбир ёшларнинг билим савияси ва мантиқий тафаккурини ривожлантириш, жамоавий ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилди.
Беллашувда вилоятдаги турли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан шакллантирилган жамоалар фаол иштирок этиб, қизғин баҳслар олиб борди.
[gallery-27710]
Якуний натижаларга кўра, учинчи ўринни вилоят қўриқлаш бошқармаси жамоаси, иккинчи ўринни ички ишлар ва биринчи ўринни божхона бошқармаси жамоаси қўлга киритди.
– “Заковат” биз учун билим ва жамоавийлик синови бўлди, – дейди вилоят қўриқлаш бошқармаси гуруҳ катта инспектори Нодирбек Болтабоев. – Мазкур беллашув бизнинг билим савиямиз ва мантиқий фикрлаш қобилиятимизни ошириш, жамоавий ишлаш кўникмаларимизни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Беллашув жуда қизғин ва муросасиз кечди. Саволлар турли соҳаларни қамраб олгани боис ҳар бир иштирокчидан кенг дунёқараш ва тезкор фикрлаш талаб этилди.
Тадбир якунида ғолиб жамоалар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Хоразм вилоят Кенгаши томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари