Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш туманнинг янги саноат корхоналари
15:39 / 2025-06-24

Жорий йилнинг 19-20 июнь кунлари Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, кўплаб ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан яқиндан танишди.

Жумладан, давлат раҳбари вилоятда янгидан ташкил этилган Кўкдала тумани маъмурий марказидаги улкан бунёдкорлик ишларини ҳам кўздан кечирди. Давлатимиз раҳбари туман марказида ташкил этилган Еттитом кичик саноат зонасида ҳам бўлди.  

Таъкидлаш лозимки, мазкур кичик саноат зонасидаги тўрт гектар майдонда тўқимачилик, озиқ-овқат, қурилиш ва хўжалик моллари каби йўналишларда қиймати 10 миллион долларлик тўққизта кичик лойиҳа жойлаштирилган. Масалан, “Komfort Star New” корхонасида иситиш қозонлари ва бошқа темир маҳсулотлар, “Komfort Industrial Aria”да чинни буюмлар ишлаб чиқарилмоқда. Умуман,  саноат зонасида 600 дан ортиқ доимий иш ўрни очилиши мўлжалланган.

Куни кеча биз ҳам ушбу саноат зонасида бўлдик ва у ерда фаолияти йўлга қўйилган саноат корхоналари фаолияти билан танишдик. Улардан бири “Komfort Industrial Aria” МЧЖ чинни маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонадир.

– Бу ерга бир йил олдин келганмиз, – дейди корхона иш юритувчиси  Сайидбек Темиров. – Ўтган вақт мобайнида печкаларни қурдик, ускуналарни келтириб жойлаштирдик. Айни пайтда ишни бошлаб юборганмиз. Давлатимиз раҳбарининг шарофати билан ушбу саноат зонасида биз каби тадбиркорларга барча қулайлик яратиб берилди. Жумладан, газ, электр энергияси ва бошқа инфратузилмалар муҳайё.  

Лойиҳани амалиётга тадбиқ этиш жараёнида 35 та янги иш ўрни яратилди ва маҳаллий аҳоли вакиллари ишга қабул қилинди.  

– Уйимизга яқин жойда мана шундай корхонанинг иш бошлагани мен каби уйда ўтириб қолган хотин-қизлар учун айни муддао бўлди, – дейди Дилдора Туймаева. – Аввалига мутахасислардан чинни қуйиш сир-асрорларини ўргандик. Мана бугунги кунда ўзим битта станокни бошқаряпман.  

Водийдан келган уста-ҳунармандлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда фаолияти йўлга қўйилган мазкур цехда бугунги кунда кунига 15 мингтагача чойнак, пиёла, коса, тарелка ва товоқ каби 5 турдаги чинни маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.  

– Бир ойдан буён шу цехда ишлайман. Бу ерда менинг вазифам чинни идишларнинг нақшлари гирдига зарли чизиқ чизиш, – дейди Дилафрўз Маматова. – Илгари ҳеч қаерда ишламасдим. Давлатимиз раҳбари билан юз-юз учрашиш бахтига муяссар бўлдим. Маошларимиз вақтида берилмоқда. Бу ерда ишчилар учун ҳамма шароит яратилган.  

[gallery-24031]

Айтиш жоизки, ушбу чинни буюмлар ишлаб чиқариш лойиҳасига қарийб 8 миллиард маблағ йўналтирилган бўлиб, шундан 7,5 миллиард сўми тадбиркорнинг ўз маблағи ҳисобига шакллантирилган. Ҳозир цехда ишлаб чиқарилаётган чинни маҳсулотлари ички бозорга чиқарилмоқда.  У ердаги иш ҳажмидан кўринадики, маҳсулотларга буюртмалар кўп.  

Корхона масъулларининг таъкидлашича, келгусида маҳсулот турлари ва иш ўринларини янада кўпайтириш, маҳсулотлар етказиб бериш географиясини бунданда кенгайтириш мақсад қилинган.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),

ЎзА мухбирлари