Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш томошабинлар учун Янги йил совғаси
09:28 / 2025-12-15

Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида Евгений Шварц асари асосида саҳналаштирилган “Қор маликаси” спектаклининг намойиши бўлиб ўтди.

Мазкур театр жамоаси Янги йил байрами учун болажонларга ўзига хос театрлаштирилган эртак ҳозирлагани эътиборга молик. Гарчи “Қор маликаси” асарининг кино ва анимацион варианти яратилган бўлса-да, унинг саҳнавий талқинини томоша қилиш кичкинтойлар учун барибир мароқли ва қизиқарлидир.  

Музлаган юракни, қотган дийдаларни фақатгина эзгулик, самимий ва меҳрли сўзлар билан эритиш мумкин. Айни пайтда митти қизча – Герданинг жасорати, қатъияти ва эзгу мақсад йўлидаги дадил интилиши ёш томошабинларни бефарқ қолдирмаслиги аниқ.    

–Болалар табиатан беғубор қалб эгаси экани билан бирга, эзгуликка, яхшиликка мойил бўладилар, – деди театр адабий эмакдоши Достонбек Раҳматуллаев. – Спектаклда меҳр-мурувват, ирода, қатъият ва жасорат каби фазилатлар болажонларга таъсирчан  лавҳалар, серсаргузашт воқеалар воситасида тақдим этилади. Саҳна асари давомида замонавий видео эффектлар ва  технологиялардан фойдаланилгани спектаклнинг жозибадорлигини янада оширади.  

Саҳна асарининг постановкачи режиссёри – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Малика Искандарова. Рассом – Евгения Бисерова. Композитор – Баҳодир Зокиров. Таржимон – Достонбек Раҳматуллаев.  

Спектаклда ролларни Дилрабо Мирзаева, Абдуллоҳ Исмоилов, Феруза Авазова, Шавкат Исроилов, Барот Ҳасанов ва бошқа  актёрлар ижро этган.  

Н.Усмонова,

ЎзА мухбири