Самарқанд давлат тиббиёт университетида талабалар ва ёш олимларнинг 79-халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
“Фундаментал, амалий тиббиёт ва фармация ютуқлари” мавзусидаги бу галги анжуманда Хитой, Россия, Беларусь, Туркия, Болгария, Қозоғистон, Тожикистон, Бошқирдистон, Озарбайжон, Грузия республикалари ҳамда мамлакатимиздаги 40 га яқин олий тиббий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот марказлари талабалари, ёш тадқиқотчилар иштирок этдилар.
Конференциянинг очилишида Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори, профессор Жасур Ризаев ва бошқалар мазкур конференциянинг республикамизда илмий ва амалий тиббиётнинг янада ривожланишидаги роли ҳамда хорижий давлатлардаги олий таълим муассасалари билан тажриба алмашишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, барча иштирокчиларга омад тилади.
[gallery-23411]
Конференция 24 шуъбада ўз ишини давом эттирди ва 660 нафардан ортиқ талабалар ва ёш тадқиқотчиларнинг тақдимотлари намойиш этилди.
Анжуман давомида тиббиётнинг кўплаб долзарб муаммолари билан бир қаторда “Ёш олимлар клуби” давраси ташкил этилиб, тиббиётдаги инновацион ғоялар, стартап лойиҳалар муҳокама қилинди.
Якунда анжуман иштирокчиларига диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, халқаро анжуман доирасида академик И.Павлов номидаги биринчи Санкт-Петербург давлат тиббиёт университети умумий ва биоорганик кимё кафедраси мудири, кимё фанлари доктори, профессор Константин Семенов ҳамда Нахчиван давлат университети ректори Элбрус Исаевга “Самарқанд давлат тиббиёт университети фахрий профессори” унвони берилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири