Жорий йилнинг 31 июлидан 3 августига қадар Грузиянинг Батуми шаҳрида таэквондо WT бўйича турли ёш тоифаларида “Batumi Open-2025” халқаро турнири бўлиб ўтади.
Унда дунёнинг ўндан ортиқ давлат терма жамоалари қаторида ўзбекистонлик таэквондо усталари ҳам қатнашади. Мусобақада кадетлар ва ўсмир ёш тоифасидаги беллашувларда ИИВ “ЖАР” cпорт-соғломлаштириш комплекси таэквондочилари – Усмон Абдуғаниев (-27 кг), Муҳаммад Дилшодов (-29кг), Муҳаммад Али Исмоилов (33 кг) Эъзозахон Раҳмонова (-42 кг) ва бошқа спортчиларимиз мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.

Ушбу спортчиларимизга ИИВ “ЖАР” cпорт-соғломлаштириш комплексининг таэквондо WT бўйича мураббийси Обиджон Абдураҳмонов мураббийлик қилмоқда.
– Бу каби турнирлар ёш спортчиларимиз учун муҳим аҳамият касб этади. Аниқроқ айтадиган бўлсам, бу каби турнирлар олдинда турган бунданда нуфузли мусобақаларга тайёргарлик вазифасини ўтайди. Биз ҳар бир мусобақага жиддий тайёрланамиз. Машғулотларда спортчилар назарий ва мураббийлар топшириғини бажаради, турнирда эса ушбу кўрсатмаларни амалда қўллаш имконияти бўлади. Умид қиламанки, шогирдларим билан “Batumi Open-2025” халқаро турнирида улкан марраларни забт этамиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА