Шу кунларда таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Беларуснинг Минск шаҳрида ўтказилаётган халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этмоқда.
-Ёшлар жаҳон миқёсида ўтказиладиган нуфузли турнирларда ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб келаётган профессионал таэквондочиларнинг издошлари ҳисобланади.
“Токио-2020”, “Париж-2024” Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришган Улуғбек Рашитов, Светлана Осипова каби спортчиларимизнинг кўрсаткичларини айнан шу ёшларимиз келгусида ўтадиган Олимпия ўйинлари ва жаҳон биринчиликларида такрорлашини асосий мақсад қилиб қўйганмиз. Беларусь машғулотлари орқали ёш таэквондочиларимизнинг халқаро тажрибасини оширишга эътибор қаратмоқдамиз. Қолаверса, ушбу йиғин ёшларимиз учун пойтахтимизда ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўташи билан аҳамиятли, - дейди Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси бош котиби Мурод Мамадалиев.
Минскда ўтаётган ўқув-машғулот йиғинида Россия, Беларусь, Тожикистон, Арманистон ва Ўзбекистон терма жамоаларининг 220 нафардан зиёд аъзолари иштирок этмоқда.
Машғулотларга терма жамоамизнинг 20 нафар маҳоратли ва истеъдодли ёш спортчилари жалб этилган.
Т.Рўзиев, ЎзА