Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш тадбиркорларни қандай муаммолар қийнаяпти?
13:47 / 2023-09-28

Президентимизнинг 2022 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, рақамли технологиялар орқали тадбиркорлик субъектларининг муаммолари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш учун “business.gov.uz” ягона интерактив портали “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали этиб қайта ташкил этилди.

Порталга киритилган мурожаатлар автоматик равишда ёки Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тегишли ваколатли органларга кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун йўналтирилади. Ваколатли органлар портал орқали келиб тушган мурожаатларни қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқади ҳамда натижалари тўғрисида ахборотни порталга киритади.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил порталга киритилган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан рақамли назорат ўрнатади ҳамда қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли таъсир чораларини қўллайди.

Бизнес-омбудсман маълумотига кўра, мурожаатларнинг асосий қисми молиялаштириш ва кредит, ер майдони ёки бино ажратиш, инфратузилмага уланиш ва солиқ маъмуриятчилиги масалаларига тегишли.

Қайд этилганидек, келиб тушган мурожаатлар асосида тегишли чоралар кўрилмоқда. Хусусан, ёш тадбиркорларнинг иш фаолиятига таъсир кўрсатаётган муаммоларнинг олди олинди. 

Жумладан, хоразмлик хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият олиб борувчи тадбиркор нотурар жой биноси кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда тўловларни амалга ошириб, ўз фаолиятини олиб борган. Жорий йилда ушбу нотурар жой биносида қўшимча қурилиш ишлари амалга оширилгани сабабли кадастр ҳужжатларини қайта расмийлаштиришга эҳтиёж тўғилган. Бироқ, нотурар жой манзили ўзгармаган бўлишига қарамасдан, туман кадастр органлари томонидан кадастр паспортини расмийлаштиришда яна қўшимча тўлов амалга ошириш талаб қилинаётгани юзасидан "Тадбиркор виртуал офиси" орқали шикоят қилинган. 

Мурожаат назоратга олиниб, ёш тадбиркорга кадастр ҳужжатлари ортиқча тўловларсиз қисқа фурсатларда расмийлаштириб берилиши таъминланди.

“Тадбиркор виртуал офиси” орқали келиб тушган яна бир мурожаатга асосан ёш тадбиркорлардан яна бирининг ҳисобрақамига қўйилган тақиқ олиб ташланди. Наманганлик ёш тадбиркор автомобилларга хизмат кўрсатиш йўналишида фаолиятини олиб боради. 2018 йилда фаолият йўналишини кенгайтириб, иккинчи корхонаси учун банк билан кредит шартномаси имзолайди ва дастлабки корхонасидан 4,6 миллиард сўмни тўлаб беришга кафил бўлади.

Шартнома шартлари бажарилиб, тадбиркор ортиғи билан, яъни 5,5 миллиард сўмни кафил бўлиб тўлаб берганига қарамай, унинг ҳисобрақамига қўйилган тақиқ олиб ташланмагани фаолиятини олиб боришга тўсқинлик килади."Тадбиркор виртуал офиси" орқали қилинган мурожаат назоратга олиниб, ёш тадбиркорнинг банкдаги ҳисобрақамига қўйилган тақиқ олиб ташланди. 

Шунингдек, савобли ишни бошлаган ёш тадбиркорга кўмаклашилди. Хусусан, Самарқанд вилоятида ишлаб чиқариш йўналишида фаолият олиб борувчи ёш тадбиркор 2 нафар ногиронли бор шахсни иш билан таъминлаб келган. Бироқ охирги 2 ой давомида туман Бандликка кўмаклашиш маркази ногиронли бор шахсларга тўлаб берилиши лозим бўлган маблағларни ҳар-хил баҳоналар билан тўлаб бермаётгани сабабли ишонч телефони орқали мурожаат йўллаган. 

Ёш тадбиркорнинг мурожаати Бизнес-омбудсман амалий кўмаги натижасида ижобий ҳал этилди ва ишчиларга белгиланган тўловларнинг тўлаб берилиши таъминланди. 

Гулноза Бобоева, ЎзА