Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида ёшлар ўртасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Тумандаги “Саманбай»” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи ёш тадбиркор Жанабай Болтабоев оилавий тадбиркорликни йўлга қўйди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 31 январдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ёш тадбиркорга янада кенг имконият яратди.
Банкдан 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, бедана боқиш билан шуғулланди. Овул фуқаролар йиғинидаги ёшлар етакчиси томонидан унга субсидия асосида инкубатор ҳам берилди. Қисқа вақтнинг ўзида у тумандаги етакчи тадбиркорларнинг бирига айланди.
– Бедана боқиш иқтисодий жиҳатдан яхшигина даромадли ҳисобланади, – дейди Жанабай Болтабоев. – У жуда тез ўсади ва турли касалликларга бардошли бўлади. Вазни енгил, тухумлари майда. Бироқ, гўшти ва тухумлари жуда шифобахш хусусиятга эга. Шарқ табобатида ҳам бедана гўшти ва тухуми табиий дори-дармон сифатида қадрланган. Хусусан, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси, камқонлик, мигрень, бронхиал астма, асаб тизимидаги бузилишлар, қон босимининг ошиши, қандли диабет, астма сингари кўплаб касалликларни даволашда фойдаланилган. Шунинг учун ҳам унга талаб доимо юқори. Бедананинг “Фараон” “Эстония” “Америка альбинос", “Англия оқ зоти”, “Маньчжур тилла ранги”, “Смокинг”, “Мармар ранг” зотлари мавжуд. Биз гўшт етиштиришда бедананинг “Гигант”, тухум олишда “Япон маньчжур” турларини парвариш қиляпмиз. Одатда битта бедана саккиз ой боқилади. Бу вақтнинг олти ойи давомида тухум олинади, кейин гўштга сўйилади.
[gallery-24186]
–Давлатимиз раҳбарининг ёшларга қаратаётган алоҳида эътибори ҳамда ғамхўрлиги натижасида Жанабай Болтабаев сингари ёш тадбиркорлар сафи кенгаймоқда, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Нукус тумани бўлими бошлиғи Алишер Моятдинов. –Ёшларнинг тадбиркорлик ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантириш, стартап ва инновацион лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, касб-ҳунар, рақамли технологиялар ҳамда хорижий тилларни чуқур эгаллаши учун қўшимча шароитлар яратиш бизнинг асосий ишларимиздан ҳисобланади. Шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 14 февралида қабул қилинган “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарор асосида 20 нафар ёшга жами 1,5 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди. Айни пайтда улар ўз ишларини муваффақиятли давом эттирмоқда.
Айни пайтда эса туман ҳокими раҳбарлигида 2025 йилнинг 27 март куни ўтказилган мажлис баёни бўйича ишсиз ёшлар маҳаллалар кесимида аниқланиб, тумандаги муассаса-корхона ва ташкилот раҳбарларига бириктирилди ва раҳбарларга уларнинг муаммоларини аниқлаш ва бандлигини таъминлаш топшириғи берилди.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА