Мамлакатимизда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ёндашувни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш учун амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар ҳақида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи Жавлон Носиров қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори бунинг ёрқин мисолидир.
Қолаверса, 2022 йил 13 июнда давлатимиз раҳбари “Махсус иқтисодий, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Бу билан ёшлар саноат зоналарида ер майдонлари ва бино-иншоотларни электрон онлайн-аукцион орқали ижарага беришда бошланғич тўловларни 12 ой муддатда бўлиб тўлаш имконияти берилди.
Бугунги кунда мазкур зоналарда ёш тадбиркорлар томонидан қиймати 2,1 триллион сўмлик 860 инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Натижада 21 мингга яқин янги ишчи ўрни яратилди. Шу билан бирга, яна 184 гектар майдонда қиймати 2,1 триллион сўмлик 1 минг 579 инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар ишга тушгач, 23 мингта янги иш ўрни яратилади.
Ушбу зоналарда фаолият йўналишлари кенг кўламли бўлиб, ёш тадбиркорлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тўқимачилик, фармацевтика, электротехника саноати, ҳунармандчилик ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари сингари кўплаб йўналишларда фаолият юритиши мумкин.
ЎзА мухбири Моҳигул Қосимова ёзиб олди.