Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ва тегишли вазирлик ҳамда идоралар ҳамкорлигида илк маротаба Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида икки кунлик Ёш тадбиркорлар форуми ташкил этилди.
Форумда 200 нафардан ортиқ хорижлик ва ўзбекистонлик ёш тадбиркорлар, халқаро экспертлар, Ҳукумат вакиллари, Туркий Кенгаш Котибияти раҳбарияти ҳамда Туркий Кенгашга аъзо мамлакатларнинг Ёшлар ва спорт вазирлари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, ёш тадбиркорлар ўртасида самарали тармоқларни кенгайтириш, уларга янги бизнес имкониятларни кашф қилишга шароит яратиш, Туркий Кенгашга аъзо мамлакатларнинг иқтисодиётига сезиларли даражада таъсир ўтказади.
Форум ўз ишини агробизнес, IT-startup, туризм, енгил саноат, жумладан, тўқимачилик кийим-кечак, озиқ-овқат саноати ва маркетинг йўналишларида олиб бормоқда.
Шунингдек, форум иштирокчилари учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига бизнес саёҳатлар ташкил этилди. Бунда иштирокчилар, Ўзбекистон Республикасида ёш тадбиркорларга берилган имкониятлар, йўналишлар бўйича тадбиркорлик салоҳияти билан танишиб, тажриба алмашдилар.
Гулноза Бобоева, ЎзА