Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишига кўмаклашиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида республика бўйлаб "Ёш тадбиркор" танлови ўтказилмоқда.
Танловнинг Сирдарё вилоят босқичида туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган ёш тадбиркорлар ўз бизнес- режаларини ҳакамлар ҳайъати ва иштирокчиларга тақдим қилди.

Танлов натижасига кўра, Гулистон шаҳрининг Ниҳол маҳалласида истиқомат қилаётган ёш тадбиркор Комила Аскобилованинг қиймати 70 миллион сўм бўлган, хизмат кўрсатиш лойиҳаси, Гулистон шаҳрининг Навбаҳор маҳалласида истиқомат қилаётган ёш тадбиркор Сарвар Тошмуродовнинг қиймати 60 миллион сўм бўлган мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси, Гулистон шаҳрининг Маънавият маҳалласида истиқомат қилаётган Маҳмуд Юлдашевнинг қиймати 170 миллион сўм бўлган Ҳуқуқий маслаҳат кўрсатиш лойиҳаси, Янгиер шаҳрининг Шукрона маҳалласида истиқомат қилаётган Шерзод Жамолиддиновнинг қиймати 120 миллион сўм бўлган логистика лойиҳаси ғолиб бўлди.


Вилоят босқичида ғолиб деб топилган ушбу лойиҳалар эгаларига Республика босқичига йўлланма тақдим этилган бўлса, фаол иштирокчилар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири