Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида Ёшлар ишлар агентлиги, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки, “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки ҳамкорлигида “Ёш тадбиркор” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг оммалаштириш ва бизнес билан шуғулланишга қўшимча имкониятларни яратиш мақсадида ташкил этилган танловда 1125 нафар 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ўз бизнес лойиҳалари учун зарур кредит маблағлари ажратилишини сўраб oilakredit.uz манзили орқали ариза қолдиришган эди.

Тўрт босқичда, жумладан, маҳалла, туман (шаҳар), ҳудуд ва республика босқичида ташкил этилаётган танловда аризалари ижобий баҳоланган ва маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари томонидан тасдиқланган иштирокчилар учун молиявий саводхонлик даражасини аниқлаш бўйича 20 та саволдан иборат тест синови ўтказилди. Тест синовида 60 ва ундан юқори балл тўплаган иштирокчилар танловнинг вилоят босқичига ўтказилган эди.
Вилоят босқичида 19 нафар ёш ўзларининг инновацион, стартап ва бизнес лойиҳалари билан иштирок этди.

– Танловга чорвачиликни ривожлантириш мақсадида йирик шохли қорамол сотиб олган ҳолда аҳолини сут ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш лойиҳасини тақдим этган эдим, – дейди “SMETAN CITY 9999” хусусий корхонаси таъсисчиси Исломбек Эгамбердиев. – Лойиҳанинг умумий қиймати 145 миллион сўм бўлиб, унинг 100 миллион сўми банк кредити ҳисобига амалга оширилади. Ҳисоб китобларга кўра, 7 йилда лойиҳа доирасида қилинган харажатлар қопланади. Бизнес режамизга асосан кредит маблағи ҳисобига йирик шохли қорамол харид қилиниши қуйидаги имкониятларни яратади. Биринчидан, сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш натижасида маҳсулот етиштириш таннархи пасайса, иккинчидан, янги иш ўринлари яратилиб, бюджетга тушумлар кўпаяди.
Танлов якунида бизнес лойиҳаси бошқаларга нисбатан мукаммал деб топилган 5 нафар ёш республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири