Бухоро туманидаги “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият юритаётган “Анвар Аваз Азиз” масъулияти чекланган жамияти бугунги кунда маҳаллий хомашёни юқори қўшимча қийматга эга экспортбоп маҳсулотга айлантираётган илғор корхоналардан бирига айланиб улгурди.
Корхона асосан узумни қуритиш, қайта ишлаш ва қадоқлаш йўналишида фаолият олиб боради. Ишлаб чиқариш жараёнлари замонавий технологиялар асосида ташкил этилган бўлиб, маҳсулотлар сифат стандартларига тўлиқ жавоб беради. Маҳаллий бозор билан бир қаторда ташқи бозорларга чиқиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Яқин вақтларда Хитой Халқ Республикасидан 100 минг АҚШ доллари қийматидаги замонавий ускуналар олиб келиниб, ишлаб чиқариш қуввати сезиларли даражада оширилди. Ушбу технологиялар маҳсулот сифати, санитария талаблари, қадоқлаш жараёни ва логистика самарадорлигини тубдан яхшилаш имконини берди. Энг муҳими, бу ускуналар корхонанинг халқаро стандартлар асосида ишлашини таъминлаб, экспорт географиясини кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Шунингдек, тадбиркор томонидан 500 тонна сиғимга эга замонавий музлаткич- омборхона қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу инфратузилма хомашёни сифатли сақлаш, мавсумийликка боғлиқликни камайтириш, йил давомида узлуксиз ишлаб чиқариш ҳамда экспорт ҳажмини барқарор оширишга хизмат қилмоқда.

–Жорий йилда 400 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган, –дейди корхона раҳбари ёш тадбиркор Аваз Хайриев. –Мақсад келгуси йилларда эса бу кўрсаткични 500 минг долларга етказиш. Биз маҳаллада узумчилик анъанавий соҳа эканини кўриб, хомашёни шунчаки сотиш эмас, балки қайта ишлаш орқали қиймат занжирини яратиш керак, деган фикрга келдик. Шу мақсадда қуритиш, қадоқлаш ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Асосий ғоя маҳаллий маҳсулотни халқаро стандартларга мос ҳолда тайёрлаш эди.

Бу фақат бир корхона ютуғи эмас, балки маҳалла иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва ҳудуд экспорт салоҳиятини оширишда муҳим омил ҳисобланади.
Бугун “Соҳибкор” маҳалласида шаклланаётган бундай ташаббуслар Янги Ўзбекистон шароитида ёшлар учун яратилаётган имкониятларнинг амалий ифодаси бўлиб, меҳнат, интилиш ва тўғри стратегия орқали катта марраларни забт этиш мумкинлигини яққол намоён этмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири