Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш тадбиркор кластер усулида тиббиёт зулугини етиштирмоқда
18:06 / 2021-08-04

Замонамизнинг ёш қаҳрамонлари

Сардорбек Раҳмонов аслида шифокор – кардиолог. У Андижон давлат тиббиёт институтининг бакалавр ва магистратурасини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини ўзи таҳсил олган олий таълим даргоҳида ассистент вазифасида бошлаб, уч йил давомида олган билим ва кўникмаларини мустаҳкамлади.

Илғор фикрли, қизиқувчан ва янгиликка интилувчи ёш мутахассис мамлакатимизда хусусий тиббиётни риволантириш борасида яратиб берилган имкониятларда фойдаланиб, тадбиркорликни йўлга қўйишга аҳд қилди. Унинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари ўзи кутгандан ҳам яхши самара берди. Лекин мақсадига эришиш йўлида қатъий бўлди, тинмай ишлади, елиб-югурди.  

Бир неча йил аввал, Андижон шаҳри, Шаҳидтепа маҳалласида фойдаланилмасдан, бўш турган бинони қонуний сотиб олди. Бинода қарийиб бир йил давомида қайта қуриш, реконструкция ишларини амалга оширди.  

2018 йилда бутунлай янгича қиёфа касб этган мазкур бинода “Стандарт” деб номланган замонавий хусусий клиника ташкил этилиб, фаолият бошлади. Айни кунда мазкур тиббиёт масканида 20 нафардан зиёд малакали, тажрибали шифокор ва ҳамширалар беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда.

– Ҳижома, зулук билан даволаш, улиткатерапия, иглорефлексотерапия, яъни игна билан даволаш, фитобар йўналишларида даволаш ишларини олиб борамиз, – дейди клиника раҳбари, ёш тадбиркор Сардорбек Раҳмонов. – Клиникамизда даволанувчилар учун барча шароитлар яратилган, айниқса, даволаш ишлари ўзига хос, ноанъанавий тарзда йўлга қўйилган. Қолаверса, муассасамизда ўз ишининг етук мутахассислари мижозларга малакали хизмат кўрсатиб келмоқда.  

Тадбиркор ўз фаолиятига илғор иш услубларини жорий этишга, инновация ютуқларидан кенг фойдаланишга астойдил ҳаракат қилади. Айни кунда у  тиббиёт зулуги етиштириш бўйича иш олиб бормоқда. Унинг раҳбарлигида клиника мутахассислари томонидан Марказий Осиёда ягона бўлган инновацион лойиҳа, яъни табиий йўл билан етиштирилган зулукларни сунъий усулда олинган зулукларга чатиштириш орқали даволашда юқори самара берувчи зулук етиштириш йўлга қўйилмоқда.  

– Маълумки, мамлакатимиз тиббий муассаларига даволаш учун зулуклар асосан хорижий давлатлардан олиб келинади, – дейди тадбиркор С. Раҳмонов. – Олиб келинаётган зулукларда турли касалликлар бўлиши эҳтимолдан холи эмас, албатта. Шу боис, Избоскан туманидаги фермер хўжалигида тиббий зулукларни ўзимиз  етиштиряпмиз.  

Айни кунда шифокор-тадбиркор томонидан Избоскан тумани Урганжи маҳалласида ташкил этилган “Тасир” фермер хўжалигининг 3 гектар ер майдонида зулук етиштирилмоқда. Фаолиятини янги ташаббуслар, илғор ғоялар билан бойитиб бораётган Сардорбек Раҳмонов жорий йилдан тиббиёт зулуги етиштиришда кластер усулини жорий этишни мақсад қилган.  

Шифокорнинг таъкидлашича, зулукдан 10 яқин турдаги косметология маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин экан. Бу юртимизда тиббий зулуклар етиштириш, даволаш ишлари самарадорлигини ошириш ҳамда кўплаб янги иш ўринлари яратиш имконини беради.  

Тадбиркор шу кунларда Хитой ва Россияда мазкур соҳада иш олиб бораётган марказлар билан ҳамкорликда кластер усулида тиббиёт зулукларини етиштириш, Ўткир инфаркт касаллиги ребилитация марказини, шунингдек, Қадимий тиббиёт музейи, инновацион ўқув ва илмий-текшириш марказини ташкил этиш бўйича лойиҳаларини таклиф этмоқда. Тиббиёт зулукларини кластер усулида етиштириш лойиҳаси доирасидаги ишлар бошлаб юборилган. Ушбу лойиҳа тиббиёт зулукларини экспорт қилиш имконини беради.  

Сардорбек Раҳмонов нафақат изланувчан тадбиркор, малакали шифокор, балки маҳалла ишида, жамиятимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол қатнашувчи фидойи юртдошларимиздан биридир. У айни пайтда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси аъзоси сифтида ҳам самарали фаолият юритмоқда.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар самараси ўлароқ, Сардорбек Раҳмонов сингари тадбиркорлар сафи тобора ортиб бормоқда. Улар томонидан олиб борилаётган ибратли ишлар юртимиз равнақи, иқтисодий тараққиётини янада юксалишига хизмат қилади.  

[gallery-3286]

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ  (сурат), ЎзА