English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Ёш тадбиркор – давлатга кўмакчи»
19:35 / 2021-04-15

Ҳозирги кунда мамлакатимизда ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, уларнинг кичик бизнесга кириб келишдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, бошланғич капитал манбаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш тизимини кенгайтириш ва унинг самарадорлигини ошириш соҳасида йирик ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг муносиб даромад олиши учун уларга шароит яратиб бериш, «Ёшлар дафтари»даги ёшлар учун ажратиб берилган кредитлардан тўғри фойдалана олишлари, мустақил равишда тадбиркор бўлиб, оёққа туришларида амалий кўмак бериш масалалари алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Юқоридаги вазифалар ижроси доирасида Фарғона давлат университетида «Ёш тадбиркор – давлатга кўмакчи» мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбирда университет раҳбарияти ҳамда ёшлар, банк тизими, меҳнат ва бандлик бошқармаси вакиллари, Ўзбекистон либерал-демократик партияси ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирни Фарғона давлат университети проректори И.Носиров кириш сўзи билан очиб берар экан, ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасидаги энг долзарб ва биринчи галдаги вазифа эканлигини таъкидлаб ўтди. И.Носиров давлатимиз раҳбари раислигида 13 апрель куни бўлиб ўтган видеоселекторнинг аҳамияти, зарурати ва унда қайд этилган вазифаларнинг туб моҳияти тўғрисида талабаларга атрофлича тушунча бериб, яқинда ёшлар учун жорий этилаётган бир қанча имтиёзларни шарҳлаб ўтди.

Ижарага бино олиб, ўз бизнесини бошлаётган ёшларга, бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб берилиши, «Ёшлар дафтари»га киритилган йигитлар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилиши, «ёшлар дафтари»га кирганларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиши харажатининг бир қисми тўланиши ва шу каби кўпгина имтиёзлар ёшлар томонидан мамнуният билан кутиб олинди.

«Мен бугун тадбирда иштирок этаётган банк соҳаси вакилларига бир эътироз қилмоқчиман, - деди Фарғона давлат университети проректори И.Носиров, - сизлар яратган айрим ортиқча расмиятчилик тизими кўп ҳолларда ёш тадбиркорларимизнинг шиддатини сўндириб қўймоқда, бугун биз мазкур масалаларга ҳам биргаликда ечим топишимиз зарур.

Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистонда яратилган механизмни бошқариш, сарфланаётган микрокредитларни тўғри йўналтириш, бизнес-лойиҳалар самарасини олдиндан кўра билиш борасида тижорат банкларининг роли беқиёсдир. Ёш тадбиркорларга яратилаётган имтиёзлар, ажратилаётган кредитларнинг имкониятлари ва талаблари, ёшларни иш билан таъминловчи бошқа жабҳалар тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишларини юритишда эса маҳаллий Кенгаш депутатларининг тажрибаси катта. Шу икки катта кучни ёшлар манфаатлари йўлида сафарбар қилсак, эртага албатта натижаси бўлади.»

Мулоқот давомида сўз олган партия вакили Х.Раҳимов ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва юритиш учун кластер тақдим этаётган имкониятлар, кичик бизнес юритаётган ёшларнинг имтиёзлари, бу борада уларга амалий кўмак берувчи партиявий лойиҳалар хусусида тўлиқ маълумот берди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда талаба-ёшлар банк ва меҳнат бандлиги вакилларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Шу жараёнда стартаплар ташкил этиш учун бизнес-инкубаторлар вазифаларини амалга ошириш, ёш тадбиркорларнинг рақобатбардошлигини ошириш, улар фаолиятини барқарор ривожлантириш истиқболлари ҳам таҳлил қилинди.

Ёшларнинг қизиқарли мунозаралари билан ўтган тадбир жонли муҳокамаларга бой бўлди.

Фарғона давлат университети

матбуот хизмати

ЎзА