Фарғона шаҳрида гулчилик кластери ташкил этилди. Кўчатчиликда бой тажрибага эга қуваликлар атиргул етиштириш технологиясини ҳам яхши ўзлаштирган.
Ҳозирда 15 мингдан зиёд хонадон гулчилик билан шуғулланмоқда. Жорий йилда туманда 43 миллиард сўмлик лойиҳа эвазига 4 та гул ва манзарали кўчатчилик кооперацияси ташкил этилди. Бу билан қишлоқ ҳудудларида 2 минг 500 та янги иш ўрни яратилиб, 5 миллион дона гул ва кўчат етиштириш йўлга қўйилмоқда.

Асосийси, Қувада йилига гулчиликдан 2,2 миллион долларлик маҳсулотлар хорижга экспорт қилинади. Гулчилик оилаларнинг яхши даромад манбаидир. “Янгиқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ғайратжон Султонов соҳанинг ҳақиқий миришкори. У дастлаб 7 сотих томорқасида 8 минг тупдан ортиқ атиргул кўчатини етиштириш билан шуғулланган. Ҳозирда эса фаолиятини кенгайтириб, “Водий турфа гуллари” масъулияти чекланган жамияти кооперациясини йўлга қўйди.
“Янгиқишлоқ”, “Сойгузар”, “Қўрғонча” маҳаллаларида 200 дан зиёд хонадонлардаги аҳоли бандлигини таъминлади. 400 миллион сўм кредит эвазига томорқаларга атиргул уруғларини ва кўчат парваришлаш учун ўғит, кимёвий воситалар, пайвантаг етказиб беришни бошлади. Ўтган йилда тадбиркор 1 миллион 568 минг долларлик 1,2 миллион туп атиргул кўчатларини Германия, Россия, Польша, Латвия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари бозорларига етказиб берди.

Тумандаги асосий гул етиштирувчилар ҳудуди бўлган “Қорақум” маҳалла фуқаролар йиғинида эса Умиджон Бозоров ташаббус кўрсатиб, лойиҳа қиймати 2,5 миллиард сўм бўлган гулчилик кооперациясини амалга оширмоқда. 20 гектар майдонда гул етиштириш йўлга қўйилмоқда.
Ҳозирда 5 гектар майдонга атиргул кўчатлари экилди, томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилди. Шунингдек, аҳоли билан шартномалар тузилиб, томорқаларида гуллар парваришланмоқда.

Гул етиштириш билан боғлиқ барча харажатлар кооперация томонидан амалга оширилади. “Хонобод” маҳалла фуқаролар йиғинида хонадонларда йилига 1 миллион донадан зиёд атиргул кўчатлари тайёрланмоқда. Маҳаллада истиқомат қилувчи Муҳриддин Акбаров 4 сотих майдондаги иссиқхонада ва бундан ташқари очиқ томорқа ҳудудида атиргул етиштириб, йилига 50-60 миллион сўм миқдорида даромад олмоқда.
– Олдин Россияга бориб ишлаб келар эдим. 2019 йилдан гул етиштиришни бошладим. Томорқада 3-4 киши доимий иш билан банд бўлмоқда. Даромад яхши бўлгани учун энди чет элга бориб ишлашга ҳожат қолмади, – дейди ёш тадбиркор.

М.Сулаймонов, ЎзА