Ёш стол теннисчиларимиз халқаро турнирларда муваффақият қозонди
Ўзбекистон стол тенниси федерацияси хабарига кўра, терма жамоамиз аъзоси Элеонора Шириева Польшада U-11 ёш тоифасидаги халқаро турнирда бронза медали соҳибига айланди.
Ўз гуруҳидаги саралаш баҳсларининг барчасида ғалабага эришиб, 1-ўринни эгаллаган ҳамюртимиз ярим финалгача бўлган мусобақаларни муваффақиятли ўтказди. Финал остонасида польшалик рақибига кичик ҳисобда йўл берди ва халқаро турнирни 3-ўрин билан якунлади.

Германиянинг Берлин шаҳрида кечган халқаро турнирда Алихон Камолов U-11 ёш тоифасида ўз гуруҳида 2-ўрин билан плей-оффга чиқди. Саралаш беллашувларини омадли ўтказиб, ярим финалда руминиялик тенгқури билан тенг курашлар остидаги ўйинда бронза медали билан кифояланди.
Эътиборли жиҳати, Алихон ва Элеоноранинг Европа давлатларидаги нуфузли мусобақаларда зафар қучиши юртимизда стол теннисининг янги навқирон авлодлари етишиб келаётганлигини кўрсатмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА