Ёш спортчиларимиз Софияда олтин медални қўлга киритди
Болгариянинг София шаҳрида трамполиндан сакраш бўйича якунланган 36-жаҳон чемпионатидан сўнг бу ерда 11 ёшдан 21 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида 29-Бутунжаҳон ёшлар чемпионати (WAGC) старт олди.
Дунёнинг 41 та мамлакатидан 800 нафар атрофидаги умидли спортчилар иштирок этаётган нуфузли мусобақада ёш истеъдодлар 32 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боришади.
Чемпионатнинг илк кунида ўзбекистонлик спортчилар муваффақиятга эришди.
Ҳамюртларимиз Фирдавс Ибрагимов ҳамда Сардор Муҳаммадиев 11-12 ёш тоифаларида кечган батутда сакраш дастурида энг юқори натижа қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Шунингдек, ушбу ёш тоифасининг акробатик йўлакча дастурида Сардор Шодиев ҳам жамоамиз ҳисобига олтин медални тақдим этди.
Халқаро мусобақа 26 ноябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА