Мамлакатимизда оғир атлетика спорт турини янада оммалаштириш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш тизимини такомиллаштиришда спорт турларига тайёрлаш марказларини спорт жиҳозлари билан таъминлаш устувор вазифа саналади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оғир атлетика спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланганидек, 2024/2025 ўқув йилига қадар Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказидаги оғир атлетикага ихтисослаштирилган спорт залининг қурилиш-таъмирлаш ишларини охирига етказиш, зарур спорт жиҳозлари, оғир атлетиканинг халқаро талаблар даражасидаги инвентарлари билан таъминлаш вазифаси белгиланган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида "Париж-2024" ёзги Олимпия ўйинларининг оғир атлетика мусобақаларида фойдаланилган "ZKC» спорт брендидаги спорт инвентарлари ва жиҳозлари мамлакатимиздаги 15 та Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларига етказиб берилди.

– Ушбу спорт инвентарлари ва жиҳозларининг умумий сони икки мингдан зиёдни ташкил этган бўлиб, улар орасида штанга тошлари, штангалар, махсус тахталар, оғир атлетика либослари каби ўн хил маҳсулотни ўз ичига олди. Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларига тақдим этилган спорт маҳсулотлари ёш спортчиларнинг халқаро талаблар асосида шуғулланишига зарур шарт-шароит ва имконият яратиши билан аҳамиятлидир, – дейди Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси бош котиби Олим Маҳмудов.
Дарҳақиқат, мазкур спорт инвентарлари жаҳон спорт майдонларида Ватанимиз довруғини халқаро майдонда улуғлашга чоғланаётган ёш атлетларимизнинг маҳоратини ошириш билан бирга халқаро спорт майдонларидаги келгуси ютуқларига мустаҳкам замин яратишга хизмат қилади.
Т.Рўзиев, ЎзА