Туркиянинг Анталия шаҳрида 33 та давлатнинг 300 нафардан зиёд ёшлари иштирокида “FIDE U9–U17 Rapid & Blitz Chess Championship” мусобақаси ўтказилмоқда. Мусобақанинг рапид йўналишидаги баҳсларида вакилларимиз 3 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.
Ўғил ва қиз болалар ўртасидаги жаҳон чемпионати бешта ёш тоифасида ташкил этилди. 9 та тур якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Ҳумоюн Бекмуратов U15 тоифасида 7,5 очко билан, Асроржон Омонов U17 тоифасида 7 очко билан ҳамда қизлар ўртасида Руқия Олимова G15 тоифасида 7 очко билан 1-ўринни эгаллади.

Шунингдек, Мадинабону Халилова 15 ёшгача бўлган қизлар ўртасида ҳамда Абдумажид Ботиралиев 13 ёшгача ўғил болалар орасида кумуш медалга ва 9 ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида Нурмуҳаммад Неъматиллахонов бронза медалига эга чиқди.

Бугун, 19 декабрь куни мусобақаларда иштирок этаётган 310 нафар энг маҳоратли шахматчи ёшлар блиц баҳсларида ғолиблик учун курашга киришади.
Эслатиб ўтамиз, 20 декабрга қадар давом этадиган жаҳон чемпионати мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоасининг 36 нафар аъзоси ўз ёш тоифаларида дона сурмоқда.

Т.Рўзиев, ЎзА