Ёш шахматчиларимиз Тожикистонда совриндор бўлди
Тожикистоннинг Ғончи шаҳрида шахмат бўйича “Shaxmaty Ganchi 2025” III турнирида ёш шахматчиларимиз муваффақиятга эришди.
Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, ва Тожикистон шахматчилари билан кечган муросасиз беллашувларда 2007 йилда таваллуд топган ва ундан кичик ёшдаги шахматчилар дона сурди. Мусобақа рапид йўналишида 6 турдан иборат айлана тизимда ўтказилди.

Шиддатли “ақл жанглари”да ватанимиз шарафини 2025 йили блиц йўналишида 14 ёшгача Ғарбий Осиё чемпионлигига эришган Жавоҳир Бозоров ҳамда 16 ёшгача Ғарбий Осиё чемпионати 2-ўрин соҳибаси Шоҳина Аҳмедова ҳимоя қилди.
Ўтказилган 6 та тур ўйинлари якунларига кўра, қизлар ўртасида Шоҳина Аҳмедова 2-ўринни, ўғил болалар ўртасида эса Жавоҳир Бозоров 2-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон шахматчи ёшларининг интеллектуал салоҳиятини намойиш этди.
Т. Рўзиев, ЎзА