Шу кунларда Сербиянинг Врнячка-Баня шаҳрида шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари давом этмоқда.
6 та ёш тоифаси бўйича ўтаётган чемпионатда дунёнинг 50 га яқин мамлакатидан ёш бўлишига қарамасдан “ақл гимнастикаси”да маълум бир натижаларга эришган иқтидор эгалари дона сурмоқда.

Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг 12 нафар аъзоси ўз ёш тоифаларида ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.
Бугунгача жаҳон чемпионатининг 4 та тур ўйинлари ортда қолди. Терма жамоамиз аъзоларидан Хондамир Элмирзаев 5-тур остонасида 3,5 очко билан 17 ёшгача бўлган ўғил болалар орасида етакчилик қилмоқда.
15 ёшли ўғил болалар мусобақасида ҳамюртимиз Саидхон Ашикмамутов 3 очко билан 14-ўринда жойлашган вазиятда, ушбу ёш тоифасининг қизлар мусобақасида ҳамюртимиз Нилуфар Имомқўзиева 3,5 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 2-ўринни банд этган.

Шунингдек, Билолиддин Обидов 13 ёшли ўғил болалар орасида 3 очко билан 3-ўринда, қиз болалар мусобақасида Сарвиноз Бегмуратова 3,5 очко билан 3-ўринда, Иброҳим Жуманазаров 11 ёшли ўғил болалар ўртасида 3 очко билан 11-ўринда бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, 9 та турдан иборат бўлган жаҳон чемпионати баҳслари 29 мартга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА