Россия Федерациясининг Новокузнецк шаҳрида шахмат бўйича кичик ўсмир ёшлар ўртасида ўтказилаётган “Интеллект академияси кубоги” халқаро турнирида Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар аъзоси дона сурмоқда.
Дунёнинг 20 та давлатидан 41 та жамоа таркибида иштирок этаётган 700 нафар ёш шахматчилар турнир низомига мувофиқ сеанс ва рапид йўналишларидаги баҳсларда куч синашиши белгиланган.
Чемпионатда ҳамюртларимиз Арманистон, Беларусь, Болгария, Венесуэла, Миср, Қозоғистон, Кения, Хитой, Куба, Малайзия каби давлатларнинг жамоалари билан куч синашади.

Ўзбекистон шарафини истеъдодли ёш шахматчимиз, 11 ёшлилар ўртасида рапид ва блиц йўналишларида жаҳон чемпионлигига эришган Орият Обиджонов жамоа сардори сифатида 1 тахтада, 12 ёшлилар ўртасида жаҳон чемпионати совриндори Лазизбек Шавкатов 2-тахтада, 9 ёшлилар орасида Осиё чемпиони Мадинабону Асадова, 3-тахтада 9 ёшлилар орасида рапид йўналишида жаҳон чемпионати совриндори Баҳодир Эркинов ва 14 ёшлилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати совриндори Жаҳонгир Насимов ҳимоя қилмоқда.
Турнирнинг очилиш маросимида иштирок этган Осиё шахмат федерацияси бош котиби Хишам Ал Тахир “Интеллект академияси кубоги” ёш истеъдодларнинг маҳоратини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, мусобақаларда Ўзбекистон, Хитой, Арманистон, Озарбайжон сингари кучи жамоалар қатнашаётгани унинг нуфузига катта таъсир кўрсатишини таъкидлади.
Мусобақалар 22 февралга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА