Россия Федерациясининг Новокузнецк шаҳрида шахмат бўйича кичик ўсмир ёшлар жамоалари ўртасида ўтказилган “Интеллект академияси кубоги” халқаро турнирида Ўзбекистон терма жамоаси ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Орият Обиджонов, Лазизбек Шавкатов, Мадинабону Асадова, Баҳодир Эркинов ва Жаҳонгир Насимовдан иборат Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муросасиз “ақл жанглари”нинг барчасида рақибларидан устун келди.

Турнир низомига мувофиқ ўтказилган 9 та тур давомида истеъдодли ёш шахматчиларимиз Россиянинг “Бурятия”, Беларусь, Мўғулистон, Қозоғистон, Тожикистон, Шри-Ланка ва Россия Федерациясининг яна бир жамоасини мағлуб этди.
Ўзбекистонлик ёш шахматчилар 9 тур сарҳисобига кўра, 81,5 очко билан ғолибликни тантана қилган бўлса, 2-ўриндан жой олган Қозоғистон жамоаси 81 очко, 3-ўринни эгаллаган Беларусь вакиллари 74,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди.

Ушбу турнир доирасида ташкил этилган аралаш жамоавий мусобақаларда терма жамоамиз аъзоларидан Жаҳонгир Насимов кумуш медалга эга чиқди.
Шунингдек, яккалик мусобақаларда маҳоратли шахматчи қизимиз Мадинабону Асадова 2-ўрин соҳибаси бўлди.

Шунингдек, “Интеллект академияси кубоги” халқаро турнири давомида 150 нафар ёш шахматчи иштирокида 9 та турдан иборат классик мусобақада терма жамоамиз аъзоларидан Жаҳонгир Насимов ва Лазизбек Шавкатов 7 очко жамғариб, кучли ўнликдан ўрин эгаллади.
Т.Рўзиев, ЎзА