Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида ўтказилган “Халқаро мактаб спорти фестивали” мусобақасида мамлакатимиз шахматчи ёшлари муносиб натижага эришди.
Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан жами 450 нафардан ортиқ 12-15 ёшли спортчилар футбол, баскетбол, волейбол, спорт курашлари, стол тенниси ҳамда шахмат йўналишларида ўзаро рақобатлашди.

Ҳамдўстлик мамлакатларининг мактаб ўқувчилари ўртасида ташкил этилган шахмат турнирида Абдулазиз Қурбонов мураббийлигидаги Ўзбекистон жамоаси муросасиз ўйинлар натижасига кўра 3-ўринни қўлга киритди. 1-ўрин Беларусь, 2-ўрин Россия терма жамоасига тегишли бўлди.

Муваффақиятга эришишда истеъдодли шахматчи ёшларимиз Абубакр Расулжонов, Имрон Ибрагимов, Мадина Ибраймова ва Севинч Мирқодировадан иборат жамоамиз ўзбек шахмат мактабининг салоҳиятини яна бир карра намойиш этди.

Мазкур фестивалда иштирок этган баскетболчи ёшларимиз фестивалда кумуш медалга сазовор бўлди.
Т.Рўзиев,
ЎзА