Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “Ganja Open-2025” халқаро турнирининг ортда қолган 5-тур ўйинларидан кейин ҳамюртимиз Муҳаммадзоҳид Суяров 4 очко билан 5-ўринда бормоқда.
Дунёнинг 12 та мамлакатидан 302 нафар шахматчи иштирок этаётган мазкур турнирда шахматчилар “А” ва “Б” гуруҳларида дона сурмоқда.
“А” гуруҳида иштирок этаётган шахматчиларимиздан Муҳаммадзоҳид Суяров ўтказилган 5 та турнинг 3 тасида ғалабага эришган бўлса, 2 тасида дуранг қайд этди.

Турнирда дона сураётган яна бир шахматчимиз Миразиз Матёқубов 3 очко билан “А” гуруҳида қатнашаётган 78 нафар иштирокчи орасида 21-ўринда ҳаракатланмоқда.
6-тур ўйинлари остонасида “А” гуруҳида ҳиндистонлик Леон Люк Мендонка ва озарбайжонлик Каган Аҳмад 4,5 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
Айтиш лозим, мусобақа низомига мувофиқ, турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 41 минг 200 манат этиб белгиланган. Шундан “А” гуруҳи совриндорлари 31 минг 450, “Б” гуруҳи иштирокчилари 6 минг 710 манат, рапид ва блиц йўналишларига эса 1 520 манат ажратилган.
9 та турдан иборат халқаро турнир баҳслари 17 ноябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА