“Китоб олами” мажмуасида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Ёш шахматчиларни қўллаб-қувватлашга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Далатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 январдаги “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда ёш шахматчиларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда юртимиз бўйлаб барча туман ва шаҳар таълим муассасалари, ташкилот ва идораларда фаолият олиб бораётган ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш мақсадида турли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, "ақл гимнастикаси" ҳисобланган шахмат спорт турига қизиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз устида ишлаши учун шароитлар яратиш, келгусида жаҳон ареналарида муносиб натижалар кўрсатувчи спорт усталарини тайёрлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Юртимизнинг ёш, иқтидорли шахматчилари Умида Омонова ва Ҳумоюн Бекмуродовларга бош ҳомий бириктирилиши режалаштирилмоқда.
Матбуот анжумани давомида ўзбек шахмати сарҳисоби юзасидан видеоролик намойиш этилди. Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳамда “BMB TRADE GROUP” компанияси кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқуловнинг Ўзбекистонда ёш шахматчиларга ҳомийлик кўрсатиш ва уларни доимий қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги маърузалари тингланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА