Жиззахда 8,10,12 ёш тоифасида шахматнинг стандарт йўналиши бўйича ўтаётган мамлакат чемпионатининг 6-тур учрашувлари ўз якунига етди.
8 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида Фазлиддин Фарҳодов 6 очко тўплаган ҳолда яққол пешқадамга айланган бўлса, Сарвар Алиев 5,5 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Уларни Сайфуддин Эркинбоев, Жаҳонгир Насимов, Давлатбек Қувондиқов, Нурбек Ҳабибуллаев, Азамат Тожиев 5 очко жамғариб, таъқиб қилмоқда.
Қизлар орасида Зарина Ларина 6 очко билан биринчи поғонада бормоқда. Амина Долженко, Шукрона Акмалова, Аминабону Зоҳирова, Кумушой Узоқова ҳамда Доно Қодирова бир хил - 5 очкодан тўплаб кейинги ўринларда боряпти.
10 ёшли шахматчилар орасида Нурмуҳаммад Неъматиллахонов 5,5 очко, Хушнуд Муҳаммадиев, Мустафобек Абдуғофуров, Мирзоҳид Муҳиддинов 5 очкога эга чиқиб, совринли ўринлар учун курашмоқда.
Ушбу ёшдаги қизлар орасида эса Ҳуснорахон Ҳуснитдинова ўтган олти турдан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда. Уни 5,5 очко билан ортидан бораётган Зарина Неъматжонова эса иккинчи ўриндан жой олган бўлса, Нигина Худойбердиева, Дилёра Худойберганова, Моҳларойим Ортиқова 5 очко билан навбатдаги турга йўл олган.
Мамлакат чемпионатининг 12 ёшгача бўлган ўғил болалар орасида Орият Обиджонов ва Муназзам Сотволдиев 5,5 очкони қўлга киритиб, биринчи ҳамда иккинчи поғонадан ўрин олди. Қизлар ўртасида эса Малика Норқулова ва Сарвиноз Бегмуратова 5,5 очко тўплаб Ўзбекистонда тенгсиз бўлиш учун баҳсларни давом эттирмоқда.
Мусобақада бугун 7-8-тур баҳслари ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА