Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида робототехника танлови бўлиб ўтди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ва “Transformers Education” ўқув маркази ҳамкорлигида ўтказилган танлов 2021 йилда бўлиб ўтадиган йирик танловлар олдидан машқ, тажриба орттириш мақсадида ташкил этилди.
Умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида ўтказилган мазкур танловга ўғил-қизлар, ота-оналар ва педагоглар катта қизиқиш билдирди.
Пандемия сабабли кўплаб таълим тўгараклари онлайн равишда ишлашга мажбур бўлди. Аммо шу жараёнда ҳам самарали натижаларга эришилди. Карантин чоралари юмшатилгач, анъанавий таълим асосида тўгараклар ҳам ўз фаолиятини қайта тиклади. Робототехника курслари ҳам айни вақтда ҳам онлайн, ҳам анъанавий шаклда машғулотларни олиб боряпти.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/jxSdnv7LT7A" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Танловда иштирок этган ўқувчилар эса қисқа муддатда эгаллаган билимларини намойиш этди. Унда робототехника соҳасига қизиқувчи 14 жамоа шакллантирилиб, ҳар бир ўқитувчининг ёши тенг бўлган ўқувчилари баҳслашди. Ўқувчилар ўзи ясаган роботлар орқали бугун кўпчиликни қизиқтирадиган футбол ўйинини намойиш этди. Биринчи ўринни эгаллаган жамоага “Transformers Education” кубоги тақдим этилди. Шу билан бирга барча иштирокчилар рағбатлантирилди.
Танлов доирасида очиқ дарс ҳам ташкил этилди. Унда ёшлар робототехникага қизиқиши, нега бугун бу соҳани эгаллаш керак, ишсизлик ва унинг ечимлари қандай бўлади, келгусида қайси касбларга талаб ортиб, қайси касблар ишини технологиялар бажариши ҳақида маълумот берилди.
Очиқ дарс давомида ўғил-қизлар қисқа дастурлаш машғулотида ҳам қатнашди.
Ўқув маркази раҳбари Шоҳруҳ Юсуповнинг айтишича, бугун робототехника, дастурлаш соҳаларини ўрганиш жуда муҳим. Ҳозир шу қадар технологиялар ривожланганки, эртанги кун бунданда янги ғоялар ва ташаббуслар даври бўлади.
Барно Мелиқулова, Ёқубжон Мелибоев (видео), ЎзА