Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Павел Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида “Посбониман муқаддас юртнинг” мавзусида расмлар танлови ташкил этилди.
Мазкур ижодий танлов ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш, она Ватанга бўлган меҳр ва садоқатни санъат орқали ифода этиш, шунингдек, ўқувчиларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш мақсадида ўтказилди.



Танлов давомида иштирокчилар ўз ижодий ишларида тинч ва осойишта ҳаётимиз посбонлари бўлган ҳарбий хизматчиларнинг машаққатли, масъулиятли ва шарафли фаолиятини, Ватан ҳимоясининг муқаддас бурч эканини ёрқин ранглар ва тасвирлар орқали ифода этди.



Расмларда Ўзбекистон давлат байроғи, мусаффо осмон, мустаҳкам чегаралар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари образлари кенг акс эттирилди.



Танлов якунида энг фаол ва истеъдодли иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан муносиб тақдирланди.
Н.Раҳмонова, ЎзА