Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Ёш қутқарувчи" мусобақасининг финал босқичида мезбонлар ғолиб бўлди
13:05 / 2021-05-29

Фарғонада умумтаълим мактаблари ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Ёш қутқарувчи” мусобақасининг мамлакат босқичи якунланди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 26 та жамоа иштирок этиб, фавқулодда вазиятлар бўйича билим ва маҳоратини намойиш этди.

Мазкур тадбир ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда фуқаро муҳофазасига оид билим, малака ва кўникмаларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди. Ўқувчилар фавқулодда вазият юз берганда тўғри ҳаракатланиш, ўзи ҳамда ўзгаларга ёрдам бериш бўйича батафсил маълумотга эга бўлди.Иштирокчилар савол-жавоб, тиббий ёрдам кўрсатиш, дарёдан арқон ёрдамида ўтиш ва палатка ёйиш, арқон ёрдамида юқорига кўтарилиш ва тугун боғлаш каби 5 та шарт бўйича қизғин баҳс олиб боришди.

Мусобақада умумтаълим мактаблари ўртасида Фарғона вилоятининг “Матонат” жамоаси, профессионал таълим муассасалари ўртасида ҳам мезбонларнинг “Халоскор” жамоаси биринчи ўринни эгаллади. “Энг яхши ташкил этилган кўргазма”, “Энг яхши қутқарувчи”, “Энг ҳамжиҳат жамоа”, “Энг билимдон жамоа” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Ғолиб жамоаларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

М. Сулаймонов, ЎзА