Урганч шаҳрида “Ёш қутқарувчи” ҳарбий спорт мусобақасининг Хоразм вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ҳамда ватанпарварлик, шунингдек, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш мақсадида ташкил этилган мусобақада касб-ҳунар ва умумий ўрта таълим мактабларидан жамоалар иштирок этди.
Ўқувчи- ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда улар содир бўлганида тўғри ҳаракат қилиш, ўзи ҳамда ўзгаларга ёрдам бериш мақсадини қамраб олган “Ёш қутқарувчи” мусобақасининг вилоят босқичи ўғил- қизларни чин маънода синовдан ўтказди.
– Шартлар давомида жамоалар ўзларининг жисмоний чидамлилиги, фавқулодда вазиятлар йўналиши бўйича билим ва кўникмаларини яна бир маротаба ошириб, тенгсиз кураш олиб бормоқдалар, – дейди Хоразм вилоят фавқулотда вазиятлар бошқармаси ходими Баҳром Қиличев. – Уларни бундай синовлардан ўтказишимиздан асосий мақсад фавқулодда вазиятлар тизимига ақлан ва жисмонан соғлом ёшларни жалб этиш, тизимнинг янги захирасини яратиб бориш, энг муҳими, фавқулодда вазиятларда ёшларни тўғри ҳаракат қилишга ўргатишдир.
Иштирокчиларнинг билим ва маҳорати фуқаро муҳофазаси ва ҳаёт хавфсизлиги асослари бўйича савол-жавоб, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, шартли дарёдан арқон ёрдамида ўтиш, ёнғинни ўчириш эстафетаси сингари шартлар бўйича баҳоланди.
Мусобақа якуний натижаларига кўра, умумтаълим мактаблари ўртасида 1-ўринни Урганч тумани 36-умумтаълим мактабининг “Енгилмаслар” жамоаси қўлга киритган бўлса, 2-ўринни Урганч шаҳридаги 5-умумтаълим мактабининг “Жасорат”, 3-ўринни эса Гурлан туманидаги 29-умумтаълим мактабининг “Қалқон” жамоаси эгаллади.
[gallery-22904]
Вилоятдаги политехникумлар орасида эса 3-ўринни Урганч тумани 1-сонли политехникумининг “Ёш қутқарувчилар” жамоаси, 2-ўринни Янгибозор тумани 1-сонли политехникумининг “Жасорат” жамоаси ҳамда 1-ўринни Хонқа тумани 2-сонли политехникумининг “Хоразм” жамоалари эгаллади.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, турли йўналиш ғолиблари тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари