ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимизда қиличбозлик бўйича 20 ёшлилар ўртасида мамлакат кубоги баҳслари бўлиб ўтмоқда Мусобақанинг илк кунида спортчилар шпага йўналишида баҳсларга киришди. 50 нафар ўғил-қиз яккаликда ғолиблик учун кураш олиб борди.
Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра, Санам Назарова (Тошкент) ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади. Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази (РОПСТТМ) ўқувчиси Мадина Мансурова иккинчи, Шаҳноза Ўринбоева (Қорақалпоғистон Республикаси) ва Андижон ОПСТТМ тарбияланувчиси Озода Усмонжонова учинчи ўринни қўлга киритди.
[gallery-24971]
Йигитлар ўртасида кечган яккалик беллашувларида РОПСТТМ спортчиси Искандар Туришев тенгдошларидан устун келди ва ғолибликни қўлга киритди. Нуриддин Назирқулов (Гулистон), Озодбек Зайнобиддинов (Фарғона ОПСТТМ) ва Вадим Багаутдинов (Чирчиқ ОПСТТМ)лар кейинги ўринларга сазовор бўлди.
Мамлакат кубогининг кейинги кунида сабля йўналиши бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.
Қизлар ўртасида кечган баҳслар қизиқарли ва кескин курашларга бой бўлди. Эътиборли томони шундаки, барча совринли ўринлар Қорақалпоғистон Республикаси қизларига насиб этди. Наргиза Жаксибоева (Нукус ОПСТТМ) 1-ўринни эгаллади. Унинг тенгдошлари Дилноз Устандинова, Наргиза Утебоева, Нурҳаёт Калниёзовалар эса кейинги ўринларга муносиб кўрилди.
Ўғил болалар баҳсида яна бир қорақалпоғистонлик спортчи Алпомиш Ўроқбоев ғолибликни тантана қилди. Кейинги ўрин Саидиброҳим Олимов (миллий клуб)га насиб этди. 3-ўринни эса Артур Бекжонов (Нукус ОПСТТМ) билан Азизбек Каримбоев (Тошкент) бўлишиб олди.
Таъкидлаш жоизки, ёшлар ўртасидаги бу кубок катта аҳамиятга эга: мусобақа натижалари асосида халқаро майдонда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қиладиган Ўзбекистон терма жамоаси шакллантирилади.
Ўзбекистон кубоги учун бўлаётган мусобақа бугун ниҳоясига етади. Йигит ва қизларни рапира йўналишидаги беллашувлар кутмоқда.
Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА