Жорий йил 2-6 декабрь кунлари Баҳрайнда ёшлар ўртасида VI Пара Осиё ўйинлари бўлиб ўтади.
Кеча, 27 ноябрь куни мамлакатимиз спорт делегацияси ушбу мусобақада иштирок этиш учун жўнаб кетди. Аэропортида шижоатли спортчиларимизни Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси вакиллари ва кенг жамоатчилик аъзолари кузатиб қўйди.
Осиё қитъаси 40 га яқин давлатининг матонатли спортчилари иштирок этадиган мазкур йирик спорт мусобақасида мамлакатимизнинг 17 нафар иродали ёш спортчиси пара енгил атлетика, пара сузиш, пара таэквондо ва пара пауэрлифтинг бўйича Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Жумладан, пара енгил атлетикада Нигина Ҳусанова, Диёрахон Анварова, Кубаро Ҳакимова, Ҳаётжон Раҳмоналиев, Фурқатжон Неъматов, Ҳикматулло Мамарозиқов, Дилшодбек Содиқов, Исломжон Абдусаматов иштирок этса, пара сузишда Султонбек Нуритдинов ва Азизбек Бойназаров, пара таэквондода Асилбек Ҳусанов, Қудратжон Ҳайдаров ва Қудратулло Шоназаров, пара пауэрлифтинг йўналишида эса Озода Олимова, Дилдорахон Нуриллаева, Шерали Аҳмедов, Оқилжон Якубов VI Пара Осиё ўйинлари медаллари учун кураш олиб боради.
Ушбу Осиё ўйинлари юртимиз пара спортчилари учун йилнинг сўнгги нуфузли мусобақаси ҳисобланада. Истагимиз, ирода ва матонат соҳибларига омад ҳамиша ёр бўлсин.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА