Инсоният цивилизациясининг энг қадимий ўчоқларидан бири ўлароқ Турон замини ҳарбий санъат борасида ҳам 4000 йиллик тажрибага эга. Аждодларимиз томонидан яратилган ҳарбий меросимиз кўлами ва сифатини тасдиқлаб берувчи ниҳоятда кўп археологик ашёлар ва бой ёзма манбаларимиз бор.
Энг асосийси – эндиликда уларни ўрганиш, муаммоларини аниқлаш, олинган янги илмий хулосаларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш учун барча шароитлар яратилган.
Бугун Фанлар академияси Тарих институти томонидан ўтказилган “Ёш олимларнинг миллий ҳарбий тарих бўйича иккинчи ўқишлари”дан мақсад ҳам ушбу ўта зарур йўналишда қўлга киритилган сўнгги илмий натижаларни жамоатчиликка етказишдан иборат бўлди.
Тадбир очилишида Фанлар академияси Тарих институти директори, академик Азамат Зиё Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан миллий давлатчилигимиз, хусусан, ҳарбий тарихимизни ўрганиш учун яратиб берилган шароитлар, олимларимизнинг масъулияти, илмий муаммоларни ҳал этиш, ёш мутахассисларни тайёрлаш ҳақида тўхталди.
Ёш олимларнинг миллий ҳарбий тарихимизни ўрганиш борасидаги фаолиятини янада кенгайтириш, илмий изланишларни тизимли давом эттириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратиб, йиғин ишига муваффақият тилади.
Фанлар академияси Тарих институти таянч докторанти Ортиқ Элмуродов Турон ҳудудида мудофаа иншоотларининг вужудга келиш омиллари, уларнинг аҳамияти ва ҳарбий муҳандисликнинг шаклланиши ҳақида янги илмий хулосаларни ўртага ташлади.
Урганч давлат университети магистри Моҳира Абдуллаева ўз маърузасида cак-массагетларнинг ҳарбий бошқарув тизимида қурол-яроғларнинг тутган ўрни ҳақида қимматли маълумотларни тақдим этди.
Фанлар академияси Тарих институти кичик илмий ходими Ислом Бўриев ибн Сино илмий меросига таянган ҳолда тиббиёт билан боғлиқ ҳарбий ҳийлалар ҳақида маърузаси орқали янги ва қизиқарли фикрларни баён этди.
Мазкур илмий жамоанинг кичик илмий ходими Маъсума Иброҳимованинг Ҳиндистондаги туркий сулолаларнинг филлардан ҳарбий жараёнларда фойдаланиш маҳорати ҳақидаги маърузаси анжуман қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, Амир Темурнинг Ҳиндистонга ҳарбий юриши, Соҳибқирон бобомизнинг садоқатли саркардаси Амир Сайфиддиннинг ҳарбий фаолияти, “Яда тоши”нинг туркий халқлар ҳарб ишида қўлланилиши, қадимги турк-рун битиктошларида учрайдиган муҳим ҳарбий атамаларга оид мавзулар батафсил таҳлил қилиб берилди.
Якунда савол-жавоблар ва муҳокамалар қизғин тарзда ўтди.
“Ёш олимларнинг миллий ҳарбий тарих бўйича ўқишлари” қадим ва бой ҳарбий меросимизни чуқур илмий асосда ўрганиш, янги тадқиқот йўналишларини кенгайтириш, ёш тадқиқотчиларнинг илмий салоҳиятини ошириш, ёш мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашиши учун муҳим илмий майдон бўлиб хизмат қилади.
Н.Усмонова,
ЎзА