Эътибор беринг: Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига ажратилган майдонлар тобора қисқариб боряпти. Аммо тармоқда етиширилаётган маҳсулот миқдори, у хоҳ пахта, хоҳ ғалла бўлсин, йилдан-йилга ортмоқда. Бу давлат раҳбарининг қишлоқ хўжалигига илмни чуқур тадбиқ қилиш ташаббуси билан боғлиқ.
Илм ва олимлар эса “ёшариб”, замонавийлашиб бормоқда. Қишлоқ хўжалигида фаолият юритаётган олимларнинг ярми ёшлардан иборат. Фарғонада Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан “Аграр соҳа ёш олимлари интеллектуал салоҳиятини янада ошириш ва уларнинг инновацион фаолиятни рағбатлантириш” мавзусида форум ташкил этилди.
– Аграр соҳани ривожлантириш бўйича инновацион технологиялар ҳамда қишлоқ хўжалигида янги нав ва дурагайлар яратилиб, иқлим шароитига мос жойларга жойлаштирилиб, уларни етиштиришнинг илмий асослари яратилмоқда. Бунда мамлакатимиз ёш олимларининг ҳиссаси бор, албатта, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Илм-фан, инновациялар ва таълимни ривожлантириш бош бошқармаси мутахассиси Акмал Шамсиев.
[gallery-25331]
– Бундай форумларда аввало етук олимлар билан ёшлар учрашади. Ёшларга дунё қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янги технологиялар таништирилади. Уларнинг кўникмаси ва тажрибаси ошади, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида стратегик ривожланиш халқаро маркази директорининг ўринбосари Дилфуза Эгамбердиева. –Улар ўзларининг ғояларини масалан иқлимга ҳам мослаштириб амалга оширадилар. Ҳозир сувсизлик, касалликка чидамли навлар яратиш ёки қишлоқ хўжалигида сувни тежовчи технологиялар жорий қилиш каби долзарб мавзулар бор. Ёш олимлар уларни ҳал қилишда сунъий интеллектни ҳам қўллаш тажрибаси муҳокама қилинади. Ёки дронлар хизматидан фойдаланиш илмий таҳлиллари тақдим этилади.
Форум ишида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидаги 22 та илмий тадқиқот институти ва 10 та олий ўқув юртининг ёш олимлари иштирок этишмоқда.
– Ўсимликлар генетикасини таҳлил қилиш масалалари билан шуғулланаман. Илмий тадқиқот ишим арпагенетикасига таъсир қилган ҳолда ҳосилдорликни ошириш билан боғлиқ, – дейди Ўсимликлар, генетик ресурслар илмий- тадқиқот институтининг докторанти Мастура Содиқова. – Илмий- тадқиқот ишимнинг 20 дан ортиқ натижалари хорижий ва мамлакатимиздаги ихтисослашган журналларда эълон қилинган.
Форумда ёш олимлар илмий- тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш ва яхлит занжирга бирлаштириш имкони бўлди.
Ёш олимлар форумининг яна бир хусусияти шундаки, у инглиз тилида ўтказилмоқда. Барча илмий ишланмалар тақдимоти ҳам инглиз тилида.
– Ёш олимлар ўзларининг илмий ишланмаларини инглиз тилида тақдим этишларининг сабаби аграр фанларни жаҳон меъёрларига мослаштириш, ёш олимларнинг инглиз тили кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги илмини халқаро даражага олиб чиқиш назарда тутилган, – дейди Акмал Шамсиев.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий марказ ва ўқув юртлари ёш олимларининг Фарғона форуми эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_ZQdxgdarqI" title="Yosh olimlar forumida qishloq xo‘jaligida samaradorlik muhokama qilindi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео), ЎзА