Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш оилалар муаммолари ечимида янги платформа қанчалик фойда беради? – Мутахассис билан суҳбат
16:24 / 2022-01-29

Ҳозирда мамлакатимизда 2 миллиондан ортиқ ёш оила истиқомат қилади.

Мазкур оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш ва ёшларни қизиқтириб келаётган саволларига жавоб топиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.

Айнан шу мақсадларни кўзлаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “yoshoila.uz” электрон платформаси ишга туширилди. Хўш, ёш келин-куёвларимизга бу платформа қай даражада керак? Оила муаммолари ечимида бу сайтнинг фойдаси борми? 

Шу каби саволларга жавоб олиш учун Ёшлар ишлари агентлиги бўлим бошлиғи Шарофиддин Хонимов билан суҳбатлашдик. 

 – Даставвал мазкур платформа ҳақида умумий маълумот берсангиз.

– Ушбу платформа ёш оилалар мавзусига бағишланган бўлиб, унда оиланинг мустаҳкамлиги ва фарзанд тарбияси борасидаги фикр-мулоҳазалар, ота-оналарнинг бу борадаги масъулиятини ошириш бўйича дастурлар, оилавий қадриятлар ҳақида эслатмалар, намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибасидан кўрсатмалар бериб борилади ҳамда шу каби мавзулар бўйича видеороликлар, фильм ва инфографик лавҳалар жамланган.

Шунингдек, мазкур платформа орқали ёшлардан келган оилавий муносабатлар тўғрисидаги саволларга жойида жавоб берилиб, долзарб муаммоларга ечим топишга кўмак берилади. 

– Бошланишида ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида нималар қилинди? 

– Аввало мамлакатимиз ёшларининг ажрашишлар, ўлим ҳолатлари, соғлиқни сақлаш, репродуктив саломатлик каби масалаларга муносабати ва фикр-мулоҳазаларини ўрганиш ҳамда мазкур муаммоларга амалий ечим топиш мақсадида “Сиз оила қуришга тайёрмисиз!” мавзусида социологик тадқиқот ўтказдик.

Шунингдек, Халқаро қизлар куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри Ёшлар марказларида “Сенинг ташаббусинг – сенинг келажагинг учун” шиори остида қизларнинг камситилиши, мажбурий никоҳ, уларнинг ижтимоий муаммоларига эътибор қаратиш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланишларини таъминлаш, жамоатчилик эътиборини қизларнинг муаммоларига қаратиш ҳамда тазйиқ ва маиший зўравонликларни олдини олишга қаратилган форум ташкил этилди.

Форум доирасида “Ёшлар дафтари”га киритилган 150 нафардан ортиқ хотин-қизларга тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида имтиёзли кредит, ўзини-ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш мақсадида субсидия, “Ҳар бир ёшга бир гектар” тамойили асосида ер майдони ажратилган, ҳайдовчилик ва қайта тайёрлов курсларида ўқитиш харажатлари ҳамда тўлов-контрактларининг бир қисми қоплаб берилган. Шу билан бирга, 10 га яқин йўналишларда имтиёзли махсус сертификатлар топширилди. 

– Телеграм каналида Платформанинг атига 458 та аъзо бор. Сайтнинг ҳали янгилигини инобатга олганда бу бошланиши, албатта. Тармоқни ривожлантириш, ёшларни кўпроқ жалб қилиш учун нималар қилиш керак ва нималар қилинмоқда? 

– Ёш оилаларни “yoshoila.uz” электрон платформасидан ҳабордор қилиш, уларни мазкур сайт ва каналга жалб қилиш учун жойларда махсус ходимларимиз томонидан тарғибот ишлари олиб бориляпти. Хусусан, бугунги куннинг энг катта муаммоси бўлган ажримларни камайтириш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли тарғибот ишларимизни оммавийлигини ошириш, мазкур профилактик жараёнларда ёшларни ҳақиқий етакчилигини таъминлаш учун умумий қиймати 596 миллион 275 минг сўмлик тарғибот материаллари, 5 та махсус видеоролик, 210 донадан буклет, инфографика ва махсус флаерлар нашр эттирилди. 

Ўйлайманки, ҳали эндигина иш бошлаган платформамизни ривожлантиришда ушбу саъй-ҳаракатлар ҳам муҳим босқич ҳисобланади. Бу борада кейинги режаларимиз ҳам платформа орқали ёшларимизнинг ишончини қозониш билан бирга уларга яқин кўмакчи бўлишдан иборат. 

– Платформанинг ишлаши ва у орқали келган ёшларнинг саволларига жавоб бериш амалиёти қандай? 

– Электрон платформамизни ёш оилаларнинг бахтли ва соғлом бўлишини таъминлаш йўлидаги бир қўлланма, деб ҳисоблаймиз. Бу ёш ўғил болалар, қизлар ва ёш жуфтликларга нафақат ҳуқуқий, балки диний томондан ҳам жамиятнинг ўз бўлинмасини яратишга тайёргарлик кўришга ёрдам беради. Шунингдек, унда ёш оилалар учун жуда кўп қизиқарли ва фойдали маълумотлар, жумладан, имтиёзлар, кредитлар, оиладаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар, тиббиёт масаласидаги тушунчалар каби маълумотлар ҳам мавжуд. 

Шуни инобатга олган ҳолда, психолог, олим, ҳуқуқшунослар, малакали тиббиёт ходимлари, профессорлар ва дин вакилларини ҳам жалб қиламиз. Шунингдек, кўп йиллик оилавий ҳаёт тажрибаларига эга онахону отахонларимиз ва маҳалла фаолларининг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда ҳам ёндошамиз. 

Биз “yoshoila.uz” электрон платформасининг фаолияти давомида ёш оилаларнинг ишонган ва севимли платформасига айланишига барча имкониятларни ишга солган ҳолда ҳаракат қиламиз. 

ЎзА мухбири 

Гулноза Бобоева 

суҳбатлашди