Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш оилалар даромадининг кўпроқ қисмини қарз тўлашга сарфлайди – Эксперт
18:41 / 2023-03-14

Ҳар бир ота-она фарзандларини тарбиялаш, уларга яхши шарт-шароит яратиш учун меҳнат қилади, ишлайди. Уларнинг келажаги учун топган даромадларининг асосий қисмини инвестиция қилади.

Шу ўринда савол туғилади: биз ишлаб топган даромадимизни оқилона сарфлай олаяпмизми?  

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг лойиҳа раҳбари Ҳаётбек Саидалиевнинг фикрича, даромадни ўз ўрнида сарфлаш ҳам ишбилармонликдир. Негаки, ҳар бир инсоннинг ўз меҳнатини қадрлаб, топган даромадини жойида ишлатиши оиласининг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.  

– Шу сабабли, яқинда Ўзбекистонда инсонларнинг истеъмол харажатлари ва даромадлари ўзгаришидаги хусусиятлар ҳамда қарз муносабатларига киришишини таҳлил қилдик, – дейди Ҳ.Саидалиев. – Таъкидлаш керакки, иқтисодий назария рационал инсон ҳаёти давомида истеъмолини бир маромда тақсимлайди, деган фикрни илгари суради. Яъни рационал инсонлар даромади паст бўлган (болалик ва ёшлик) даврида етарли даражада истеъмолни таъминлаш учун ота-она, давлат ва жамиятдан муддатли қарз олади. Кейинчалик даромади нисбатан баланд бўлган ўрта ёшларда қарзини қайтаради, кейинги авлодга қарз беради ва ортганини кексаликка жамғаради.  

Кексайган чоғида эса қолган жамғармаларини истеъмол қилади. Барқарор даромад ва истеъмолнинг ҳаёт цикли гипотезаси Ўзбекистон учун ҳам тааллуқли. Унга кўра, инсонларнинг даромадлари 30 ёшгача тезлик билан ўсади, энг юқори нуқтаси тахминан 30-50 ёш оралиғида сақланиб туради ва 60 ёшдан сўнг кескин пасаяди. Бу, ўз навбатида, даромад ва истеъмол орасидаги фарқ қарз олиш орқали компенсация қилиниши зарурлигини билдиради.

Ўзбекистонда 450 нафар инсон иштирокида ўтказилган сўров натижаларига кўра, ёш оилалар, яъни оила боқувчиси ёши ўртача 38 ёшгача бўлганлар бошқа оилаларга нисбатан (оила боқувчиси ёши ўртача 49 ёш) даромадининг кўпроқ қисмини қарз тўлашга сарфлар экан. Бу юқоридаги назарий қарашга, яъни барқарор даромад ва истеъмолнинг ҳаёт цикли гипотезасига мос келади. Бунда  респондентларнинг 18 фоизи маиший техника, 22 фоизи уй-жой, 13 фоизи автомобиль, 10 фоизи ўқиш учун шартнома тўлови, 11 фоизи телефон учун қарз олганлиги маълум бўлди. Респондентларнинг қолган 34 фоизи қарзи йўқлигини билдирган. Шундан 18 фоизи ўз жамғармаси борлигини билдирган.

Сўров натижалари бўйича аҳолининг 10 фоизи тижорат дўконларидан муддатли тўловга қарз олишни (10 фоизи банк кредитини, қолганлар ўз ва яқинлари маблағи бўлишини) афзал кўришини инобатга олиб, Ўзбекистонда тобора оммалашиб бораётган муддатли тўловга уй жиҳозларини таклиф этиш бозори ўрганилди. Бунда энг оммабоп 13 та интернет дўконидаги талаб юқори бўлган бир хил русумдаги смартфон, музлатгич, телевизор ҳамда кондиционерларнинг муддатли тўлов нархлари таҳлил қилинди.

Статистика агентлиги маълумотларига қараганда, 2022 йилда ҳар 100 та уй хўжалигига 309 та мобил телефон, 115 та музлатгич, 171 та телевизор ва 45 та кондиционер тўғри келган.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, танланган бир хил русумдаги телефон ўртача 4,8 миллион сўмдан, музлатгич 8,1 миллион сўмдан, телевизор 6,8 миллион сўмдан ва кондиционер 6,1 миллион сўмдан сотилаётгани аниқланди. Айнан мазкур товарлар дўконлар томонидан 12 ойга муддатли тўлов орқали йиллик ставкаси ўртача 70 фоиздан 77 фоизгача харидорларга тақдим этилмоқда.

Ҳозирги кунда тижорат банклари томонидан белгиланган талабларга мувофиқ ажратилаётган истеъмол кредити ставкалари 17 фоиздан 38 фоизгачани ташкил этмоқда. Ушбу бозорларда нархлар ва муддатли фоиз тўловлари ўртасидаги катта тафовут бир томондан, аҳоли орасида маълумотларнинг нотекис тақсимлангани (information asymmetry) ҳамда уларнинг молиявий саводхонлигини янада ошириш бўйича тадбирларга эҳтиёж борлигини кўрсатади. Иккинчи томондан, банк хизматларидан фойдаланиш имконияти чекланган, норасмий иқтисодиётда фаолият юритаётган аҳоли муддатли тўлов бозоридан кўпроқ фойдаланган бўлиши мумкин.

Мухтасар айтганда, индивидуал молиявий интизом ва расмий иқтисодиётда фаолият юритиш истеъмолчининг банк соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яратилаётган имкониятлардан тўлақонли баҳраманд бўлиши ва самаралироқ фойдалана олиш эҳтимолини оширади.

ЎзА мухбири 

Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.