12-13 октбярь кунлари Самарқандда Ўзбекистон офтальмологларининг учинчи халқаро конгресси ўтказилди.
Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази масъул ходимлари ва юртимиз тиббиёт муассасалари мутахассислари билан бирга АҚШ, Германия, Швейцария, Украина, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Арманистон ва бошқа давлатлардан 1500 нафардан зиёд офтальмолог бевосита ва онлайн тарзда иштирок этди.
Халқаро конгрессда офтальмологиянинг деярли барча йўналишларидаги долзарб муаммолар, кенг тарқалган кўз касалликлари диагностикаси ва даволаш усуллари ҳақида сўз юритилди. Жумладан, бугун офтальмологик ёрдам ташкил этиш, глаукома диагностикаси ва уни даволашнинг янги услублари, кўз гавҳари касалликларини даволашнинг янги технологиялари секцияларида маърузалар тингланди. Ушбу мавзулар бўйича, айниқса, ёш олимлар секциясида қизғин муҳокамалар кузатилди. Унда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг филиалларида фаолият кўрсатаётган ёш офтальмологлар устозлари раҳбарлигида олиб бораётган тадқиқотлари ҳақида маърузалар қилди. Уларнинг чиқишлари хорижлик мутахассислар томонидан ҳам эътироф этилиб, зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.
– Юртимиз офтальмологларининг бу галги форуми ҳам бугун қўланилаётган диагностика ва даволаш усулларини таҳлил этиш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий қилиш ҳамда бу борада маҳаллий ва хорижлик мутахассислар билан ўзаро тажриба алмашиш учун қулай имконият бўлди, – дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали раҳбари Ботир Тўхтаев. – Жумладан, филиалимиз ходимлари ва вилоятимиздаги тиббий муассасалар офтальмологлари икки кун давомида бир нечта секцияларда иштирок этиб, тажрибалари мутахассисларнинг маърузаларини тингладилар, амалий машғулотларда қатнашдилар. Шунингдек, офтальмология соҳасида асбоб-ускуналар ва дори воситалари ишлаб чиқарувчи хорижий компаниялар кўргазмалари билан яқиндан танишдик.
[gallery-13995]
Конгресс якунида фаол иштирокчиларга сертификатлар топширилди ҳамда анжуманни ташкил этиш ва ўтказишга ҳисса қўшган ҳомийларга ташаккурномалар билдирилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари.