Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларида ёш офицерларнинг тантанали битирув маросими бўлиб ўтди.
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантларига ҳам тантанали тарзда диплом ва кўкрак нишонлари топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакиллари, битирувчиларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар Ўзбекистон ҳарбий салоҳиятини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар бугун ўз самарасини бераётгани, профессионал армиямиз сафларини малакали ҳарбий кадрлар билан мунтазам тўлдириб боришда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти муҳим роль ўйнаётганини таъкидлади.
Олий ҳарбий таълим муассасаси курсантлари томонидан намойиш этилган қўл жанги усуллари ва фахрий қоровулнинг кўргазмали чиқишлари маросим меҳмонларида катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, Зангиота туманидаги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтидаги битирув маросими ҳам кўтаринки кайфиятда ўтди.
Тантанали тадбирни мудофаа вазири ўринбосари, полковник Қодиржон Турсунов очиб берар экан, барчани ушбу унутилмас кун билан қутлаб, ушбу маскан миллий ҳарбий кадрларни тайёрлашда етакчи ҳарбий таълим марказига айланганини, мазкур даргоҳда нафақат мамлакатимиз, балки қўшни давлатлардан келган курсантлар ҳам таҳсил олишаётганини фахр билан айтиб ўтди.
[gallery-17952]
Саф майдонида жанговар байроқ мағрур ҳилпиради. Офицерларга диплом ва эсдалик совғалар топширилди.
Сўзга чиққан битирувчилар ва уларнинг ота-оналари барча устоз ва ҳарбийларга ўз миннатдорлигини билдирди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат),
ЎзА мухбирлари