Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш математиклар учун илк бор “Қўқон олимпиадаси” ташкил этилмоқда
19:31 / 2021-01-14

Юртимизда математика, кимё-биология ва геология таълими туб бурилиш нуқтасида турибди.

Фан-техника тараққиётининг шиддат билан ўсиб бориши мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишида илмий тадқиқотлар аҳамиятини янада кучайтирди. Жаҳоннинг етакчи мамлакатлари томонидан илмий-техник тараққиётнинг фундаментал асоси бўлган аниқ фанларнинг ривожланишини рағбатлантириш ва шу асосда иқтидорли ёшларни кашф қилиш бўйича ўзига хос селекциясини амалга ошириш мақсадида инвестицион дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилмоқда.

“Қўқон олимпиадаси” республика ёш математикларини юксалишга ундовчи ўзига хос “нарвон” вазифасини ўтайди

Юртимизда ҳам давлатимиз раҳбари томонидан аҳолининг илмий-техник салоҳиятини ривожлантириш, ёшларнинг аниқ фанларни ўзлаштиришларини жаҳон андозаларига мос равишда шакллантириш, уларнинг талаб-истаклари ва қизиқишларини муносиб рағбатлантириш устуворлик касб этмоқда. Хусусан, Президентимиз 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожатномасида аниқ фанларни ривожлантириш, ёшларни билимга, илмга ва инноваторлик ғояларини яратишга бўлган қизиқишларини янада ошириш борасида аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Мазкур вазифаларни амалга ошириш, хусусан, аниқ фанларни ривожлантиришга оид таклифларини амалиётга кенг татбиқ этиш ҳамда иқтидорли ўқувчи-ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўқон университетида хусусий ташаббус асосида “Қоракўл зиё” нодавлат таълим муассасаси билан ҳамкорликда республика умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида математика фанидан “Қўқон олимпиадаси”ни ташкил этиш белгилаб олинди.

Мазкур олимпиада хусусий сектор вакиллари томонидан илк маротаба ташкил этилаётганлигини инобатга олиб, бунинг замирида келажакда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини янги босқичга кўтариш, Ўзбекистонни халқаро жамоатчилик орасида, хусусан илм-фан оламида ўзига хос нуфузини оширишга хизмат қиладиган талантли ёшларни кашф қилишни кўзда тутади. Зеро, мамлакатимиз раҳбарининг янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича эълон қилган чақириқлари яъни, “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим-тарбиядан бошланади”, деган эзгу ғояларини амалга ошириш барчанинг, жумладан, таълим тизимига дахлдор бўлган ҳар қандай шахснинг муқаддас бурчи ҳисобланади.

Нима учун айнан математика?

Математиканинг асосий вазифаси фақат ҳисоб-китобни ўргатишдангина иборат эмас. У ўқувчиларни фикрлаш, мия имкониятларини ишга солиш, тафаккур қилишга ундайди. Масала-мисол кичик тўсиқ. Математика келажакда тўсиқларни енгиб ўтишга ёрдам беради, ўқувчини алгоритм, яъни тартибга, тўғри ва нотўғрини ажратишга ўрганади.

Мамлакатимизда Президентимизнинг эътибори асосида математика фанини ўқитиш тизимини ислоҳ қилиш бошланди. Мазкур фан равнақига берилган эътибор самарасида математика фани ўқитувчиси, “Қоракўл мактаби” асосчиси Тўхтамурод Жумаев давлатимиз мукофоти – “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

Математикадан олимпиада ташкил этиш ва икки йилда бир маротаба ўтказилишини анъанага айлантириш, ёш математиклар интиқиб кутадиган ақлий беллашувлардан бирига айлантириш келгусида билимдон ёшларимиз сафини янада кенгайтиради. Математик таълими юқори ёшлар билан эса давлатимиз кўплаб жабҳаларда юқори натижаларга янада тезроқ эришади.

Қўқон олимпиадасида кимлар иштирок этишлари мумкин?

Қўқон олимпиадаси умумтаълим мактабларининг 5-6-7-синф, 8-9-синф ва 10-11-синф, академик лицейларнинг 1-2-курс ўқувчилари ўртасида ташкил этилиши режалаштирилган. Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигига қарашли таълим муассасалари, нодавлат таълим муассасаларининг 5-11-синф ўқувчилари ҳам иштирок этишлари кўзда тутилмоқда. Олимпиада икки босқичда амалга оширилиб, ҳудудий босқич ҳар бир ҳудудда (вилоятлар кесимида 2021 йил 14 февраль кунлари) Давлат тест маркази томонидан махсус тузилган тестлар асосида амалга оширилади. Ҳудудий босқичда ўқувчилар ихтиёрий равишда қатнашади. Иштирокчилар www.olimpiada.kokanduni.uz сайти орқали 5 февралгача онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари мақсадга мувофиқ.

Республика босқичи, Қўқон университетида (2021 йил 11-12 март кунлари) ташкил этилади. Якунловчи босқичда Давлат тест маркази жавоблари асосида ҳар бир ҳудуддан энг юқори балл тўплаган 6 нафар ўқувчи-номзодлар ажратиб олинади. Мазкур босқичда “Қоракўл зиё” нодавлат таълим муассасаси мутахассислари, яъни турли йилларда математикадан халқаро ва республика олимпиадалари совриндорлари томонидан тузилган икки поғонали тест усулида танлов ташкил этилади.

Ушбу олимпиада инвестицион мотивация асосида ёш математикларнинг селекциясини амалга ошириш, уларнинг математик билимларини синовдан ўтказиш, нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олишларига кўмаклашиш ва шу асосда техник тараққиётнинг жадаллашишига замин яратишга хизмат қилади.

Ғолибларни арзирли совғалар кутмоқда!

Рағбат ёшларни илм оламида янада майдонни кенг олиб, ўқиб-ўрганишга ундайди. Олимпиада ғолибларини муносиб мукофотлаш мақсадида биринчи гуруҳ (5-6-7-синф) ўқувчи-талабгорлари ўртасида биринчиликни қўлга киритган номзодга “Нексия” автомобили, иккинчи гуруҳ (8-9-синф) ўқувчи-талабгорлари ўртасида биринчиликни қўлга киритган номзодга ҳам “Нексия” автомобили, учинчи гуруҳ (10-11-синф, академик лицейнинг 1-2-курс) ўқувчи-талабгорлари ўртасида биринчиликни қўлга киритган номзодга “Кобальт” автомобили совға қилинади.

Шунингдек, барча гуруҳлар бўйича биринчи 10 талик рўйхатидан жой олган номзодларга Қўқон университетида грант асосида ўқишга қабул қилиш бўйича Инвестицион ваучер тақдим этилади. “Қоракўл зиё” нодавлат ўқув муассасаси томонидан эса, гуруҳлар бўйича 1-2-3-ўринни қўлга киритган ўқувчи-номзодларга математика ва бошқа фанлардан қўшимча билим олиш бўйича бир йиллик бепул ўқиш бонуси тақдим этилади. Ғолиб қуйи синф ўқувчилари эса илм-фанга йўналтирилиб, тизимли равишда университетга тайёрлаб борилади. Олимпиада натижаларини баҳолашда адолат мезонлари устувор бўлади.

Олимпиада орқали ёшлар орасида “Билим инсонни улуғлайди”, деган шиор кенг тарғиб қилинади ва ғолибларнинг эришган ютуқларини кенг жамоатчилик ўртасида ёритиш орқали ёшларга мотивация ҳам берилади.

 

Шерзоджон Мустафоқулов,

Қўқон университети ректори