Андижонда спорт селекцияси ойлиги доирасида ўсмирлар ўртасида эркин кураш, ёшлар ўртасида юнон-рум кураши ҳамда қизлар ўртасида кураш бўйича вилоят прокурори кубоги мусобақалари бўлиб ўтди.
Спортнинг кураш турларини ривожлантириш ва оммавийлигини ошириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, ёшларнинг кураш турларига қизиқишини ошириш мақсадида ўтказилган мазкур мусобақалар очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими ўринбосари К.Комилов, вилоят прокурори М.Абдуҳакимов ва бошқалар сўзга чиқди. Унда юртимизда ёшлар спортини ривожлантириш, хусусан, кураш бўйича иқтидорли спортчиларни аниқлаш, тайёрлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидланди.
Олти вазн тоифасида ўсмирлар ўртасида қизиқарли ва муросасиз баҳслар асосида ўтган эркин кураш мусобақасининг якуний натижаларига кўра, Темурбек Раимжонов, Жасурбек Комилов, Абдулборий Мамиров, Шеряздан Бозоров, Фарҳод Қобулов, Муҳаммадсолиҳ Ўлмасов ўз вазн тоифаларида 1-ўринга сазовор бўлди.
Қизлар ўртасида икки вазн тоифасидаги кураш мусобақасида эса Бўстон тумани вакиласи Зуҳра Қобулова ҳамда вилоят спортнинг якка кураш турларига ихтисослашган спорт мактаби ўқувчиси Ҳабиба Қобулжонова барча рақибаларидан устун келиб, ўз вазн тоифаларида ғолибликни қўлга киритди.
Ёшлар ўртасидаги юнон-рум кураши мусобақалари ҳам қизиқарли баҳсларга бой бўлди. Якуний натижаларга кўра, Ҳожиакбар Абдуваҳобов, Мавлон Яккубеков, Бекзод Мамажонов, Абдулло Обидов, Мирзаабдулло Убайдуллаев, Зафарбек Улуғбеков ўз вазн тоифаларида ғолиб деб топилди.
[gallery-26869]
Мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари диплом, тегишли медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, юқори натижаларга эришган бир гуруҳ мураббийлар ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари