Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш китобхонлик – маърифатга элтувчи муҳим қадам
12:23 / 2026-02-03

Ўзбекистон Республикаси Президентининг беш муҳим ташаббуси доирасида ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳамда маънавий дунёсини бойитиш мақсадида 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” танлови кенг жамоатчилик эътиборида бўлиб келмоқда.

Мазкур танлов ёшларни мутолаага жалб этиш, адабиётга бўлган қизиқишни кучайтириш, миллий ва жаҳон адабиётининг сара намуналарини чуқур ўрганишга ундаш орқали комил инсон тарбиясига хизмат қилмоқда.

Маълумотларга кўра, Қашқадарё вилоятида бугунга қадар танловда 300 минг нафардан ортиқ ёш қатнашган. 2025 йилда ҳам лойиҳага қизиқиш янада ортди. Жорий йилда 5tashabbus.uz платформаси орқали 65 минг нафарга яқин ёш танловда иштирок этиш истагини билдирган. Иштирокчилар ёш тоифаларига кўра ажратилиб, белгиланган адабиётлар асосида синовдан ўтказилди. Жумладан, 10-14 ёшдаги иштирокчилар 40 та, 15-19 ҳамда 20-30 ёш тоифасидаги ёшлар эса 50 тадан миллий ва жаҳон адабиётига мансуб асарларни мутолаа қилди.

Танлов доирасида иштирокчиларнинг нафақат ўқилган асарлар сони, балки уларнинг мазмун-моҳиятини англаш даражаси, асардаги асосий ғоя ва қаҳрамонлар хусусиятларини таҳлил қилиш, мустақил фикрлаш ҳамда ўз мулоҳазаларини аниқ ифодалаш қобилияти асосий мезон сифатида баҳоланди. Танлов маҳалла ва сектор босқичларидан бошлаб, туман (шаҳар) ҳамда вилоят босқичларигача изчил ва шаффоф тарзда ташкил этилди.

[gallery-27450]

Шу жумладан, “Ёш китобхон” танловининг Шаҳрисабз шаҳар босқичи ҳам юқори савияда, қизиқиш ва рақобат муҳитида ўтказилди. Танлов якунларига кўра, 10-14 ёш тоифасида Афруза Насимова 1-ўринни эгаллаган бўлса, 15-19 ёш тоифасида Умидахон Ғуломова ғолиб деб топилди. 20-30 ёш тоифасида эса Висола Васиева 1-ўринни қўлга киритди. 

Қайд этилишича, “Ёш китобхон” танлови ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, уларни мустақил фикрлаш ва ижодий ёндашувга ўргатишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилаётган ушбу лойиҳа ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини ошириш, ўқиш маданиятини шакллантириш ҳамда уларнинг баркамол авлод сифатида вояга етишига хизмат қилмоқда.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари