Мамлакатимизда ёшлар орасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, мутолаани кенг тарғиб этиш ҳамда маънавий етук авлодни тарбиялаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни китобга ошно этиш мақсадида турли танлов ва маърифий тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Шу каби эзгу ташаббуслар доирасида Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги Ёшлар марказида “Ёш китобхон” танловининг туман босқичи ташкил этилди. Танлов ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятни ошириш ва китобга бўлган қизиқишни янада кучайтиришга қаратилди.
Мазкур танловда 10-14, 15-19 ҳамда 20-30 ёш тоифаларидаги китобсевар, билимга чанқоқ ёшлар иштирок этиб, белгиланган адабиётлар асосида ўз билим ва салоҳиятларини намоён этди.
Беллашувлар давомида иштирокчиларнинг китоб ўқиш даражаси, таҳлилий фикрлаш қобилияти ҳамда саволларга жавоб бериш маҳорати баҳоланди.
Танлов қизғин ва юқори рақобат муҳитида ўтиб, ҳар бир иштирокчи “Энг фаол ёш китобхон” номини қўлга киритиш учун бор билим ва тажрибасини ишга солди.
[gallery-27418]
Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг чиқишлари холисона баҳоланиб, энг юқори балл тўплаган ёшлар аниқланди.
Танлов якунларига кўра, ғолиб бўлган иштирокчилар кейинги ҳудудий босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Барча ғолиб ва фаол қатнашган ёшлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари